2023 йилда Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашда эришилган ютуқлар учун глобал мукофотнинг топшириш маросими ўтказилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Мукофот Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан таъсис этилган. Унинг навбатдаги тантанали топшириш маросими 2023 йилнинг охирида Тошкентда бўлиб ўтади. Маросимда Қатар давлатининг раҳбарияти ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

«Ушбу мукофотни топширишнинг тантанали маросими Тошкентда ўтказилиши охирги йилларда президентимиз томонидан коррупцияга қарши кураш йўналишида олиб борилаётган катта ишлар ва умуман ислоҳотларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан катта эътирофи тимсоли десак ҳам бўлади», — деди Шерзод Асадов.

Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний глобал мукофоти

Мукофот ҳар йили Халқаро коррупцияга қарши кураш кунида (9 декабрь) коррупцияга қарши глобал кампанияга ҳисса қўшган шахслар ва ташкилотларни эътироф этиш ҳамда миннатдорчилик белгиси сифатида топширилади.

Унинг асосий мақсади мазкур йўналишда глобал миқёсда намунали ва эътиборга молик ҳаракатлар, илғор амалиётларни қўллаб-қувватлайдиган восита бўлиб хизмат қилиш, бутун дунё бўйлаб коррупцияга қарши кураш моделларини тан олиш, тарғиб қилиш, тўплаш ва тарқатиш, соҳада хабардорлик ва бирдамликни ошириш, шунингдек, коррупциядан холи жамият сари янги ташаббусларни рағбатлантиришдан иборат.

Мукофот илмий тадқиқот, таълим, ёшлар ижодкорлиги, спортни коррупциядан ҳимоялаш, инновация ва суриштирув журналистикаси каби бир неча номинацияларда тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Transparency International ташкилотининг 2022 йил учун коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат ичида 126-ўринни эгаллаган. Қатар эса 40-ўринни эгаллаган (2021 йилдагидан 5 поғона паст).