18 декабрь куни президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-883] билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қонун 24 ноябрь куни Сенат томонидан маъқулланганди.

Жумладан, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:

  • Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади;
  • Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади;
  • Партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади;
  • Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас;
  • депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади;
  • аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади.

Агар сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини фақат битта сиёсий партия тўплаган бўлса, унда депутатлик ўринлари сайловда сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган иккинчи сиёсий партияга ҳам тақсимланади.

Марказий сайлов комиссияси депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисида баённома тузади.

Партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Қонунчилик палатасининг камида 5 нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга (илгари камида 9 нафар эди).

Қонун билан Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

  • Марказий сайлов комиссияси;
  • ҳудудий сайлов комиссиялари;
  • туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;
  • халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;
  • участка сайлов комиссиялари.

Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан 9 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ва доимий асосда фаолият юритади (илгари 15 нафар эди).

Марказий сайлов комиссиясининг 1 нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлади.

Қонунга кўра шунингдек, Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:

  • аҳоли сони 2 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда — 30 тадан 40 тагача;
  • аҳоли сони 2 миллиондан 3 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда — 40 тадан 50 тагача;
  • аҳоли сони 3 миллион нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда — 50 тадан 60 тагача.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:

  • аҳоли сони 30 минг нафаргача бўлган ҳудудларда — 10 тадан 15 тагача;
  • аҳоли сони 30 мингдан 100 минг нафаргача бўлган ҳудудларда — 15 тадан 20 тагача;
  • аҳоли сони 100 мингдан 300 минг нафаргача бўлган ҳудудларда — 20 тадан 25 тагача;
  • аҳоли сони 300 минг нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда — 25 тадан 30 тагача.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи март ойида Ўзбекистон президенти томонидан депутатлар билан учрашувда илгари сурилган эди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумдан сўнг Шавкат Мирзиёев 8 май куни мажоритар-пропорционал сайлов тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бунгача Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.

Сиёсатшунос Фарход Толипов аввалроқ янги тизим қандай ишлашини тушунтирган эди. Шунингдек, у сиёсий турғунлик шароитида янги сайлов тизимига ўтиш кутилган натижани бермаслигини таъкидлади.