Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларини мажоритар-пропорционал (аралаш) шаклга асосланган сайлаш тизими жорий этилади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Фармонда қайд этилишича, бу Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг таклифи бўлган. Ҳужжатда Қонунчилик палатасига бир ой муддатда мажоритар-пропорционал шаклга асосланган сайлов тизимига ўтишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг ўзи март ойида депутатлар билан учрашувда сиёсий партияларнинг ролини ошириш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтишни таклиф қилганди. Бундай тизимда мандатларнинг бир қисми пропорционал тизим (партиявий рўйхатлар бўйича), иккинчи қисми эса мажоритар тизим (номзодга овоз бериш) бўйича тақсимланади.

Ўзбекистонда аввалги парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилган бўлиб, унда ўз сайлов округи бўйича кўпчиликнинг овозини олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.