Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни депутатлар билан учрашувда сиёсий партияларнинг ролини ошириш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтишни таклиф қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 март куни бўлиб ўтган мажлисида ЎзХДП етакчиси Улуғбек Иноятов маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Аралаш тизимга пропорционал ва мажоритар тизимлар киради. Мандатларнинг бир қисми пропорционал тизим (партиявий рўйхатлар бўйича), иккинчи қисми эса мажоритар тизим (номзодга овоз бериш) бўйича тақсимланади.

«Аралаш сайлаш тизимига ўтиш, бу — жамиятимизда, бошқарувда сиёсий партияларнинг таъсирини оширишга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, 92-моддада Қонунчилик палатаси аралаш сайлов тизими орқали шаклланишини аниқ қилиб белгилаб қўйиш бўйича муносабатингизни билмоқчи эдик», — деди Улуғбек Иноятов.

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси (қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул бўлган икки қўмитадан бири) депутат Жаҳонгир Ширинов амалдаги Конституция ҳам, таклиф этилаётган — янгиланаётган Конституция ҳам аслида бунга тўсқинлик қилмаслигини таъкидлади. Яъни амалдаги бош Қомусда сайловнинг қандай тизимда ўтиши ёзилмаган. «Қонунга мувофиқ дейилган. Қонун, бу — Сайлов кодекси. Сайлов кодексида можаритар ёки пропорционал деб кўрсатиш мумкин. Мен тўлиқ қўллаб-қувватлайман сизнинг таклифингизни», — деди у.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов мазкур таклифни кўриб чиқиш ва мазкур бандни киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишни таклиф этди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев 2022 йил март ойида ўз мамлакатида аралаш сайлов тизимини жорий этишни таклиф қилган эди. Бўлажак (19 март) парламент ва масъулат сайловлари ҳам шундай тизим бўйича ўтказилади. Мажлис депутатларининг 70 фоизи партия рўйхатининг пропорционал тизими бўйича, 30 фоизи эса мажоритар тизим бўйича сайланади. Вилоятлар ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар масъуллари даражасида депутатлик корпуси 50 фоиздан 50 фоизгача бўлган нисбатда шакллантирилади. Вилоятлар масъуллари тўлиқ мажоритар тизим бўйича сайланади.

Маълумот учун, мажоритар сайлов тизими -давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига сайловлар тизими бўлиб, унда сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланади. Пропорционал сайлов тизимида эса сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз берадилар.