Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев 12 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида жиноий гуруҳларга қарши рейд фонида тадбиркор Ғофур Раҳимов ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Бугун бизда бу шахсга (Ғофур Раҳимов — таҳр.) нисбатан жиноий иш очилгани йўқ. Бу шахс [Ички ишлар бош бошқармасига] олиб кетилмаган ва қидирувга ҳам берилмаган», — деди Дониёр Тошхўжаев. Бироқ унга нисбатан тергов ўтказилмоқдами ёки йўқми, маълум қилмади.

2018 йил июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Ғафур Раҳимов исмини қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташлади. У 2018 йилнинг ноябрида AIBA раҳбари этиб тайинланди. AIBA раҳбари сайланишидан олдин АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш департаменти уни санкциялар рўйхатига киритган эди. 2019 йил март ойида Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Раҳимовга унинг ушбу лавозимга кўрсатилиши бокснинг олимпия мақомини сақлаб қолиш масаласига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Ғофур Раҳимовнинг айтишича, бу айбловлар «тўқима ва сиёсий ёлғонларга асосланган».

2020 йил апрель ойида тадбиркор АҚШ молия вазирлигининг санкциялар департаментига қарши судда уни уюшган жиноятчиликка қарши санкциялар рўйхатидан олиб ташлаш бўйича судда ютқазди. Ғофур Раҳимов ҳозирда ҳам АҚШнинг санкциялар рўйхатида қолмоқда.

2022 йилнинг апрель ойида у Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг биринчи вице-президенти этиб тайинланди.