2023 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда инфляция 1,13 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида айтилади.

Бу ноябрь ойида қайд этилган камида сўнгги 7 йилдаги минимал кўрсаткич ҳисобланади (2022 йил ноябрда — 1,34 фоиз, 2021 йил — 1,22 фоиз, 2020 йил — 1,53 фоиз, 2019 йил — 1,73 фоиз).

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса 0,7 фоизга (ҳар икки кўрсаткич ҳам охирги беш йилдаги энг паст кўрсаткич), хизматлар эса 1,5 фоизга қимматлаган (2022 йилдаги каби).

Йил бошидан буён (январь-ноябрь) инфляция 7,43 фоизгача пасайди (беш йил ичидаги минимум). Йиллик инфляция (ўтган йилнинг ноябрь ойидан) 8,76 фоизга тушди — бу 2016 йил августидан бери энг паст кўрсаткич (8,6 фоиз). Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 10,1 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,5 фоизга, хизматлар 8,3 фоизга қимматлади.

Алоҳида маҳсулотлар кесимида ноябрь ойида тухум нархи 2,9 фоизга (октябрда +10,5 фоиз эди), шакар 2 фоизга, сут 0,2 фоизга ошишда давом этди.

Гуруч ва гуруч оқшоғи 0,6 фоизга, буғдой уни 0,8 фоизга, мол гўшти 0,2 фоизга, кунгабоқар ёғи 0,5 фоизга арзонлади.

Сабзавот ва мевалар орасида ноябрь ойида октябрга нисбатан энг кўп бодринг (81,8 фоизга), помидор (69,7 фоизга), анор (63,3 фоизга), тарвуз (35 фоизга), бақлажон (30,8 фоизга), булғор қалампири (27,5 фоизга), банан (1,8 фоизга) қимматлаган.

Картошка 3 фоизга, пиёз 7,1 фоизга, лимон 12,8 фоизга, карам 19,8 фоизга, сабзи 25,7 фоизга арзонлаган.

Спиртли ичимликлар нархи ой давомида 0,5 фоизга (йил давомида 9,6 фоизга), тамаки маҳсулотлариники эса 1 фоизга (11,9 фоизга) ошди.

Мева ва сабзавотларнинг 2022 йил ноябрь ойига нисбатан нархлари. Скрин: Статистика агентлиги ҳисоботиМева ва сабзавотларнинг 2022 йил ноябрь ойига нисбатан нархлари. Скрин: Статистика агентлиги ҳисоботи

Ноябрь ойида маҳаллий ҳокимият органлари қарори билан Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тарифлар оширилиши тасдиқланганди. Аҳолининг совуқ сув таъминоти ва канализацияга умумий истеъмол харажатлари таркибида ушбу ҳудудларнинг улушини ҳисобга олган ҳолда республика бўйича ўртача ойлик кўрсаткич 12,1 фоизни ташкил этди.

Электр таъминоти хизматларига табақалаштирилган тарифларнинг жорий этилиши ушбу хизмат тури бўйича инфляция даражасига таъсир кўрсатди. 1000 кВтгача бўлган абонентлар учун тарифлар сақланиб қолгани фонида бундан кўпроқ истеъмол қиладиган абонентлар учун оширилган тарифлар жорий этилди. Ҳисоблашда ҳар бир истеъмол тоифасидаги абонентлар улуши ҳисобга олинди ва шунинг учун электр энергияси нархининг ўсиши ўртача 2,2 фоизни ташкил этди.

инфляция, статистика, статистика агентлиги

Бензин нархи ноябрь ойида 5 фоизга ошиб, ўсишда давом этди (октябрда — 4,1 фоиз, сентябрда — 2,3 фоиз, августда — 4,2 фоиз, июлда — 2 фоиз), нархлар ўсиши йил бошидан буён 15,3 фоизни ташкил этди. Пропан нархи ой давомида 7,7 фоизга, йил бошидан бери эса 23,1 фоизга ошган. Ўтган ойда метан нархи ўзгармаган, аммо январь ойидан бери нарх 22,3 фоизга ошган.

Ой давомида такси хизматлари 2,1 фоизга (11,3 фоиз), темир йўл транспорти — 27,9 фоизга (31,4 фоиз), ҳаво транспорти — 1,5 фоизга (17,9 фоиз) қимматлади.

Бунинг фонида юк ташиш хизматлари нархлари ҳам ошган — 3,5 фоиз.

Ноябрь ойида мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидаги кафелардаги тайёр таомлар 1,3−6,3 фоиз оралиғида, ошхоналардаги таомлар 1,2−5,9 фоиз оралиғида, тез пишар таомлар тайёрланадиган ошхоналардаги таомлар 0,6−4,6 фоиз оралиғида қимматлади.