Хоразм вилоятида 3 ноябрдан совуқ сув таъминоти ва оқова хизматлари нархи ошади, деб хабар қилди «Ўзсувтаъминот» корхонаси матбуот хизмати.

Ҳудудда совуқ сув учун янги тарифлар:

  • аҳоли учун — кубометри учун 2800 сўм;
  • бюджет ташкилотлари учун — кубометри учун 5 700 сўм;
  • улгуржи истеъмолчилар учун — кубометри учун 5700 сўм.

Оқова хизматлари учун тарифлар:

  • аҳоли учун — кубометри учун 1550 сўм;
  • бюджет ташкилотлари учун — кубометри учун 2400 сўм;
  • улгуржи истеъмолчилар учун — кубометри учун 2400 сўм.

Аввалроқ «Газета.uz» Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ичимлик суви ва оқова хизматлари нархлари ошгани ҳақида хабар берганди.

Корхона баёнотида таъкидланишича, сўнгги беш йилда Хоразм вилоятида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан қамраб олиш даражаси 52,1 фоиздан 85,5 фоизга ошган. Йил охирига қадар бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш режалаштирилган.

Вилоят аҳолисини сув билан таъминлайдиган 200 минг кубометр қувватга эга Питнак сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш, унинг қувватини 400 минг куб метрга етказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Гурлан туманида сув манбаларидан олисда жойлашган Гурлан, Янгибозор ва Шовот туманлари аҳолисини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қуввати 50 куб метр бўлган янги сув тозалаш иншоотини қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, Урганч, Хива ва Питнак канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, Гурлан туманида канализация тизимларини барпо этиш режа қилинган.

Ушбу мақсадлар учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 150 миллион доллар миқдорида кредит жалб этилди.

Шу билан бирга, хабарда қайд этилишича, иш ҳақи, электр-энергия, солиқ тўловлари, хорижий кредитлар тўлови амалга оширилган бўлиб, жорий ва капитал таъмирлаш, тизимни модернизация қилиш ишларида ҳам сарф-харажатлар талаб этилади.

Юқоридагиларнинг барчасини инобатга олган ҳолда халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши 18 октябрдаги қарори билан ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун янги тарифларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.