«Зарбдор 40 кунлик» акцияси доирасида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам криминоген ҳолатини яхшилаш, жиноятчиликка барҳам бериш бўйича кенг кўламли тезкор-профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳаракат ҳақидаги биринчи хабарлар 21 ноябрь куни пайдо бўлди. Тадбир номидан келиб чиқадиган бўлсак, у 31 декабргача — Янги йил байрамларигача давом этади.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «Зарбдор 40 кунлик» тадбирлари доирасида «криминоген муҳитда мавқега эга бўлган» 248 нафар фуқаронинг яшаш манзилида ҳамкорликда тезкор-тезкор профилактика тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноятлар аниқланди.

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 45 дона турли хил компьютер, телефон ҳамда 3 адабиётлар, 41 та қурол, ўқ дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар олинди.

Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 37 нафар қидирувдаги шахслар ушланди.

Бундан ташқари, ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахслар безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Мисол учун, 2023 йилнинг 22 ноябрь куни Олтиариқ туманида гуруҳбозликка интилувчи икки гуруҳ вакиллари А.Рустамов ва Т.Мирзарахимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбозлар ва уларнинг издошлари қўлга олиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

2023 йилнинг 27 ноябрь куни эса, спортнинг жанговар тури билан шуғулланган Х.Тўҳтамуродов (Instagram`да 1,3 миллион обуначиси бор, «Борз» лақаби билан танилган) гуруҳбозликка интилиб, атрофига турли хил тезкор вазиятга салбий таъсир қилувчи шахсларни йиғиб, Қўқон шаҳрида икки нафар шахсларга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган вақтда, тезкор ходимлар томонидан ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Шунингдек, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, уюшган гуруҳга раҳбарлик қилиб, фуқароларни товламачилик ва мулкларни бошқа йўллар билан талон-торож қилган А.Мамиров жиноят устида қўлга олиниб, тергов органларига топширилди.

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган, дея хабар беради пойтахт ички ишлар бошқармаси.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиев қўлга олинди. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар одамларга пул эвазига қарзларини ундириб берган.

3 декабрь куни шаҳар ИИББ «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва яна икки шахс ўта йирик миқдорда товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини маълум қилди.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Сирдарё, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Бухоро ва бошқа вилоятларда «Зарбдор 40 кун» акцияси ўтказилиши ҳақида хабар берган эди.