Андижон вилояти ҳудудида «Долзарб 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида бир қатор жиноят олами вакиллари, товламачилар, ўзидан «етакчи» ясаб олганлар ҳамда уларга яқин бўлган шахслар ушланмоқда, дея хабар қилди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Хусусан, 2023 йилнинг 2 декабрь куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида:

  • муқаддам Жиноят кодексининг 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 238 (Ёлғон гувоҳлик бериш), 241 (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 165-моддаларида (Товламачилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча маротаба судланган, Андижон туманида яшовчи, 1985-йилда туғилган Байхнов Ноуфал Алишерович;
  • муқаддам Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 164 (Босқинчилик), 165-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча маротаба судланган, Андижон шаҳрида яшовчи,1989-йилда туғилган Умаров Умидбек Рафукжонович;
  • муқаддам Жиноят кодексининг 159-моддасида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун судланган, Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1961-йилда туғилган Мамажонов Дилмурод Адҳамжанович ушланган.

Уларга нисбатан вилоят ҳудудида майда безорилик, товламачилик, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликлари аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят кодексининг 165, 251−1 (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш), 273-моддаларига (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) асосан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Агар ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Андижон вилояти ИИБнинг „102“ рақами ёки 97−432−10−20 телефон рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, 9 та ҳолатда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари, 5 та ҳолатда 16 330 дона психотроп дори воситаларини сақлаш ва ўтказиш, 7 дона ноқонуний қурол, 84 минг донадан ортиқ турли хил пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритилиши ҳолатларига чек қўйилди.

Шу билан бирга, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 20 нафар шахслар ушланди.

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халилов ушланди.

Бундан ташқари, Салим Абдувалиев («Салимбой»)га нисбатан терговга қадар текширув бошлангани айтилмоқда.