Тошкент шаҳар ҳокимининг Veolia Energy Tashkent томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган янги нархларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Янги тарифлар тўғрисидаги қарорни халқ депутатлари пойтахт Кенгаши 8 ноябрда қабул қилганди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 декбрдан Veolia Energy Tashkent томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган базавий нархлар қўшилган қиймат солиғисиз 664 465 сўм/Гкал даражасида, бунда:

  • аҳоли учун — 91 960 сўм/Гкал (ўзгаришсиз қолди);
  • юридик шахслар учун — 212 660 сўм/Гкал (аввал 141 737 сўм эди);
  • бюджет ташкилотлари учун 801 963 сўм/Гкал (аввал 502 067 сўм эди) даражасида тасдиқланган.

Марказлашган иссиқлик таъминоти тарифларини бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида инвестицион харажатлар тариф структурасидан алоҳида ҳисобга олинган.

Шу билан бирга, истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, тарифлар ўртасидаги фарқ Тошкент буджетидан (баъзан республика бюджетидан) субсидиялар ҳисобидан қопланади, яъни нархлар кўтарилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан билвосита — уларнинг солиқлари ҳисобига таъсир қилади. 2023 йилда иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплаш учун давлат бюджетидан 1,8 триллион сўм, 2024 йилда эса 4,5 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Иссиқлик таъминоти тармоғи ва жамоат транспорти учун тўловлар миқдорининг кескин ошишини 1 октябрдан газ ва электр энергияси нархи ошгани, шу сабабли иссиқлик электр станциялари ва автобуслар ёқилғини оширилган нархларда харид қилаётгани билан изоҳлаш мумкин.

2021 йил август ойи бошида Veolia Energy Тошкент иссиқлик таъминоти тизимини назоратга олиши маълум бўлган эди. 1 июлдан бошлаб компания 30 йил давомида Тошкент иссиқлик таъминоти тизими назоратини ўз қўлига олди ва бунда соф фойданинг 10 фоизини олади.

Аввалроқ 25 ноябрь куни Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан пойтахтда ичимлик (совуқ) суви таъминоти тарифлари жисмоний шахслар учун 1400 сўм, юридик шахслар учун 3000 сўмгача оширилиши тасдиқланганди.