Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Пойтахтда 9165 та кўп қаватли уй, 3475 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган. Лекин, магистрал ва тарқатиш тармоқларнинг 72 фоизи, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90 фоизи эскирган.


Бу харажатларнинг ҳаддан зиёд ортиб, хизмат сифати пасайишига сабаб бўлмоқда, дейилади хабарда. Масалан, ўтган йили иссиқлик энергияси йўқотилиши 44 фоизни, пулга чаққанда, 630 млрд сўмни ($60 млн) ташкил этган. Бунинг учун 460 млн куб метр табиий газ, 55 млн куб метр ичимлик суви, 154 млн кВт электр энергияси ортиқча сарфланган.

Оқибатда «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонасининг кредитор қарздорлиги юқорилигича қолмоқда. Хизмат сифати пастлиги аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бунинг оқибатида «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонасида жуда катта дебитор қарздорлик — 2 трлн сўм ($190 млн) йиғилиб қолган. Бундан ташқари, корхона 2020 йилни 869 млрд сўмлик (даромад — 650 млрд сўм, ҳаражатлар — 1,51 трлн сўм) камомад билан якунлади. 2016−2020 йилларда «Тошиссиққуввати» давлатдан 228 млн доллар миқдорида субсидия олган.

Иссиқлик таъминоти сифатининг пастлиги аҳолининг жиддий шикоятларига сабаб бўлмоқда, дейилади хабарда.


Тошкент шаҳри ҳокимияти лойиҳа концепциясини тайёрлаб, таклифлар олиш учун танлов эълон қилди. Осиё тараққиёт банкининг хулосасига кўра, Франциянинг «Veolia» компаниясининг лойиҳаси энг самарадор деб топилди. Бу компания Польша, Чехия, Руминия, Литва, Германиядаги шаҳарларда иссиқлик тизимини бошқариш тажрибасига эга.

Тез орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан компания ўртасида хусусий шериклик шартномаси имзоланиши кутилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 30 йилни ташкил этади. Veolia компанияси ўз ҳисобидан 315 млн евро ҳамда лойиҳа даврида олинадиган даромад ҳисобидан 1 млрд 80 млн евро йўналтиради.

Лойиҳа доирасида 181 та иссиқлик қозонхонаси модернизация қилиниши, 28 мингта иссиқлик пункти ўрнатилиши, 841 километр тармоқ реконструкция қилиниб, 576 километр тармоқ янгидан қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 391 та махсус автомашина ва бошқа ускуналар сотиб олинади. Халқаро даражадаги техник аудит ва биллинг тизими жорий этилади. 44,7 минг уйда 1,2 млн иссиқ сув ҳисоблагичлари ва иссиқлик энергиясини ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш режа қилинган.

Тақдимотда, аввало, иссиқлик таъминоти хизматларини ДХШ асосида ташкил этиш методологиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Президент таклиф этилаётган лойиҳани Тошкент шаҳридаги мавзелардан бирида намуна сифатида жорий этиб, самарадорлигини тажрибадан ўтказиш, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Бошқарувга беришдан олдин «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонасига тегишли мол-мулк ва бинолар хатловдан, кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимлари техник ва энергетик аудитдан ўтказилиши белгиланди.

Иссиқлик тизимини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилиш бўйича кўрсатма берилди. Лойиҳа доирасида олинган соф фойданинг 10 фоиздан ошган қисми мазкур жамғармага ўтказиб борилади.

Махсус техника, ускуна ва материалларни давлат харидлари тўғрисидаги қонунга асосан очиқ тендер орқали, мақбул нархларда сотиб олиш кераклиги қайд этилди.

Veolia компанияси билан бирга маҳаллий мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.


Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков 10 йил ичида Тошкентдаги барча қозонхоналарни ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки йил ичида лойиҳалар Бектемир туманидаги Сувсоз массивида ва Сергели туманидаги Нилуфар кўчасида пилот лойиҳалар амалга оширилади.

2020 йилнинг январида Жанубий Кореянинг CM Entech компанияси Тошкентнинг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, хусусан, Мирзо-Улуғбек туманидаги 2-сонли иссиқлик марказини реконструкция қилиш лойиҳасини таклиф этди. Ишнинг қиймати 70−100 млн долларга баҳоланган.

Veolia Environnement — француз кўп тармоқли компания ҳисобланади. У тўртта фаолият соҳасига: сув таъминоти ва уни тозалаш, коммунал, энергетика ва транспорт хизматлари ихтисослашган.