Тошкентда ичимлик суви таъминоти ва оқова суви хизматлари нархлари ошмоқда. Бу ҳақдаги қарор 24 ноябрь куни пойтахт халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланди.

Жумладан, жисмоний шахслар, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун сувнинг бир куб метри нархи 1400 сўм (ҳозирда коэффициент ва ҚҚСсиз 400 сўм), оқова сув хизматлари учун 1000 сўм (ҳозирда коэффициент ва ҚҚСсиз 350 сўм) этиб белгиланди. Юридик шахслар учун тарифлар уч баравар оширилди — ичимлик сувининг ҳар куб метри учун 1000 сўмдан 3000 сўмгача, канализация хизматлари учун эса 820 сўмдан 2200 сўмгача.

Тарифлар қарор эълон қилинганидан кейин 15 кун ўтгач, яъни 9 декабрдан кучга киради.

совуқ сув, оқова сув

Охирги марта тарифлар 2021 йил январида оширилган эди. Эслатиб ўтамиз, ичимлик суви таъминоти ва оқова суви хизматлари тарифларига махсус қўшимча тўлов киради ва 1,5 коэффициент қўлланилади.

Аввалроқ «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонаси тарифларни ошириш зарурлигини сув таъминоти ва канализация тизимини сақлаш харажатлари кескин ошиши билан асослаган эди.

«Ичимлик суви ва канализация хизматлари учун таклиф этилаётган нархлар Тошкент вилояти ва республиканинг бошқа ҳудудларидаги нархлардан ҳамон паст», — дейилади компания хабарида