Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов 2021 йил февралида пойтахтдаги жамоат жойларини ободонлаштириш бўйича бир қатор лойиҳаларни таклиф қилган эди. Қабул қилинган лойиҳалар 2021−2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Таклифлар орасида шаҳарнинг Учтепа туманидаги Истироҳат кўчаси ўртасидаги, қарама-қарши ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимини иккига ажратиб турувчи хиёбонни ободонлаштириш режаси ҳам бор эди.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Шаҳар ҳокимлиги ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш, фавворалар ўрнатиш, кутубхона, умумий овқатланиш жойлари қуриш, пиёда ва велосипедда сайр қилиш учун йўлкалар ётқизиш, шунингдек, чироқлар, ўриндиқлар ва чиқинди қутилари қўйишни режалаштирганди.

Хиёбоннинг айрим жойларида маҳаллий аҳолининг вақтинчалик бошпаналари бор эди, дейди улардан бири Маҳбуба Бегматова. Аёлнинг сўзларига қараганда, одамлар ўз уйлари қаршисида томорқалар ташкил қилиб, вақтинчалик катакларда товуқлар сақлашган, хиёбондаги дарахтлар ва гулзорларни парвариш қилишган.

«Бу ҳудуд ободонлаштирилиб, хиёбон барпо этилиши маълум бўлганида, хурсанд бўлгандик, — дейди Маҳбуба Бегматова. — [Ободонлаштириш] ишлари 2022 йилнинг февралида Кичик ҳалқа йўли томонидан бошланди. Аввалига аҳоли томонидан қурилган бошпаналар бузилиб, буталар ва гулларни кўчириб ташлашди. Фақат дарахтлар қолди».

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Августга келиб кўчанинг кичикроқ қисмида ишлар якунланди. Матбуот анжуманида янграган лойиҳадаги таклифларга кўра велосипед ва пиёдалар учун йўлаклар, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, болалар ва спорт майдончалари, чироқлар ўрнатилди. Бўш ерларга дарахтлар экилди. Шу билан иш тўхтади.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Маҳбуба Бегматова кўчани тўлиқ ободонлаштириш ишлари қачон охирига етказилишини билиш мақсадида президент қабулхонасига мурожаат қилган. 2023 йил май ойида унга ишни жорий йилнинг учинчи чорагида қайта бошлаш режалаштирилгани айтилган.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Бироқ ҳозирда кўчанинг иккинчи ярми ташландиқ ҳолда қолмоқда. Қолдириб кетилган қурилиш материаллари ишчиларнинг қайтишини кутмоқда. Учтепа ҳокимлиги матбуот котиби Тўра Тўраевнинг сўзларига кўра, аввалига брусчаткалар, шағал солинган қоплар, бетон ариқлар, бордёр ва бошқа қурилиш материалларини қўриқлаш учун ҳокимлик томонидан қоровул ёлланган.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

«Лекин у энди у ерда ишламайди. Шунинг учун икки ҳафта ичида барча қурилиш материаллари кўчадан олиб кетилади», — дейди Тўра Тўраев.

2023 йил баҳор-ёз ойларида хиёбоннинг ободонлаштирилмаган қисмига теварак-атрофдан қурилиш чиқиндилари ва тупроқ ташлаб кета бошлашди. Бу кўчадан маиший чиқиндиларни олиб кетувчи корхона маҳаллий аҳоли хонадонлари учун контейнерлар ўрнатганига қарамай, аҳолининг бир қисми ўз чиқиндиларини хиёбонга ташламоқда. Буларнинг барчаси одамлар ташландиқ ҳудудларда ва вайронагарчиликларда қадр-қиммат кўрмаслиги ва бундай объектларга шунга яраша муносабатда бўлишларини яна бир бор тасдиқлайди.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Учтепа тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдулла Арзиевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, туман ободонлаштириш бошқармаси чиқиндиларни олиб кетади. Бироқ, хиёбон ободонлаштирилмаган ҳолда қолаверса, одамларни унга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундайдими ёки йўқ — буниси энди ҳозирча жавоби йўқ бир савол.

Бугун хиёбоннинг ободонлаштирилмаган қисмидаги уйлар аҳолиси ана шу вайронагарчиликдан «завқ олишга» мажбур. Шу билан бирга, кўчанинг ободонлаштирилган қисмидан фойдаланиш муаммоли: турар-жой ҳудудидан хиёбонга пиёдалар ўтиш жойлари деярли мавжуд эмас. Йўл белгилари ўрнатилган жойларда чизиқлар чизилмаган. Йўлнинг қатнов қисми кенглиги бир йўналишда икки-уч бўлакдан иборат, устуворлик ҳайдовчилар томонида. Одамлар, жумладан, ёш болалилар кўчани кесиб ўтишда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Ҳоким ўринбосари Абдулла Арзиев ободонлаштириш ишлари маблағ йўқлиги сабабли тўхтатилганини таъкидлади. 2022 йилда 3 километрлик хиёбоннинг 1,6 километри ободонлаштирилган.

«Қолган 1,4 километрида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари режалаштирилган, бироқ бу жараённи молиялаштириш манбаси ноаниқ бўлгани боис айни пайтда ишлар тўхтатилган. Учтепа тумани ҳокимлиги ушбу лойиҳани якунлаш зарурлиги юзасидан пойтахт ҳокимлигига таклиф юборган», — дейди Абдулла Арзиев.

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Туман ҳокимлиги матбуот котиби Тўра Тўраевнинг изоҳ беришича, кўчанинг ярми ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ободонлаштирилган.

«Ҳомий билан ўша вақтдаги шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев гаплашган эди, — дейди Тўра Тўраев. — [Ҳоким]: „Мана сенга ер, ҳомийлик қиласан, бизга бу ерни хиёбон қилиб берасан“, деган. Йўлнинг шу ярмини ободонлаштиришга 25 млрд сўм сарфланган — бу миқдорни ҳомийнинг сўзларидангина биламиз, қўлимизда на смета, на реконструкция режаси бор. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, қолган ишларнинг қиймати 12 млрд сўмга тенг. Ҳозир Учтепа ҳокимлигида бундай маблағ йўқ. Биз ўз таклифимизни шаҳар ҳокимлигига юбордик, бироқ йил охирлаб қолгани сабаб маблағ ажратилиши даргумон. 2024 йилда маблағ олиб, ишни охирига етказишга умид қиламиз».

истироҳат кўчаси, ободонлаштириш, тошкент, парклар

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш харажатларини 160,7 млрд сўмга қисқартирган эди.