ҲАМАС гуруҳи 13 нафар гаровга олинган исроилликни озод қилди, деб ёзмоқда The Times of Israel.

Озод қилинган аёллар ва болалар Қизил хоч ташкилоти ходимларига топширилди ва тез орада Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат пункти орқали Ғазо секторини тарк этади.

Бу ҲАМАС томонидан Исроил билан келишув доирасида озод этилган гаровга олинганларнинг биринчи гуруҳидир. Бир неча кун аввал Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида тўрт кунлик сулҳ ва 150 нафар фаластинлик асир эвазига гаровга олинган камида 50 нафар исроилликни озод қилишга келишиб олган.

Бундан ташқари, Исроил ҳукумати Ғазо секторига қўшимча ёнилғи ва инсонпарварлик ёрдами олиб кирилишга рози бўлган. Келишувга Қатар воситачилигида эришилган.

Нашрнинг қайд этишича, ҲАМАС жами 240 га яқин одамни асирликда ушлаб турибди.

ҲАМАС, шунингдек, 24 ноябрь куни 12 нафар Таиланд фуқаросини озод қилди, дея хабар берди Таиланд бош вазири Сеттха Тхависин. BBC маълумотларига кўра, 7 октябрь куни уюштирилган ҳужум чоғида ҲАМАС томонидан Исроил жанубида камида 19 нафар таиландлик фермер ўғирлаб кетилган.

Таиландлик гаровга олинганларнинг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувга алоқаси йўқ.