Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг чорак финалида Франция терма жамоаси билан тўқнаш келади. Учрашув 25 ноябрь куни соат 13:30 да Индонезияда бўлиб ўтиши керак.

Чоршанба куни ўзбекистонликлар англиялик тенгқурларини 2:1 ҳисобида мағлуб этди (бош мураббий Жамолиддин Раҳматуллаев қизил карточка олди), французлар Сенегални пенальтилар сериясида мағлуб этди — 0:0 (5:3).

Аммо Франция терма жамоаси ўз таркибига аввалроқ Нигер U-17 терма жамоасида тўп сурган ҳужумчи Янис Иссуфуни жалб этгани учун ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан дисквалификация қилиниши мумкин, деб хабар бермоқда Foot Mercato.

Форвард Нигер терма жамоаси сафида жаҳон чемпионати саралаш босқичидан ўрин олган Ғарбий Африка футбол иттифоқи турнирида тўп сурган. Шундай қилиб, Иссуфу бир турнирда икки хил жамоада ўйнади, бу эса Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан тақиқланган.

Агар Франциянинг рақиблари норозилик билдирса, ФИФА дисквалификаcияга қарор қилиши мумкин. Sport News Africa нашрининг ёзишича, гуруҳ босқичида французларга қарши майдонга тушган Буркина-Фасо терма жамоаси федерацияга мурожаат қилиши мумкин.

Ҳужумчи жаҳон чемпионатининг учта ўйинида қатнашиб, иккита голли узатмани амалга оширган. Иссуфу Сенегалга қарши ўйинда Франция таркибидан жой олмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонликлар гуруҳ босқичида Малига ютқазиб (0:3), Канадани мағлубиятга учратган (3:0), Испания билан дуранг (2:2) ўйнаб, «Б» гуруҳида 4 очко билан учинчи ўринни эгаллаганди. Ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа ва учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа, жумладан, Ўзбекистон ҳам жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичига йўлланма олган.

Франция ўз гуруҳида Буркина-Фасо (3:0), Жанубий Корея (1:0) ва АҚШни (3:0) мағлуб этган.

Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг энг яхши тўпурари Амирбек Саидов (4 та гол), Францияда эса Жоан Тинкрес (3) бўлиб турибди.

Франциянинг ушбу турнирдаги энг яхши натижаси 2001 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққани бўлса, Ўзбекистоннинг энг яхши натижаси 2011 ва 2023 йилги чорак финалидир.

Чорак финалда қуйидаги жуфтликлар ҳам иштирок этади: Аргентина — Бразилия, Мали — Марокаш ва Испания — Германия.