Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни Тошкент метрополитенида хизматлар сифатини ошириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда унинг матбуот котиби.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда метрополитен қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча 32 километр йўл қурилди, 21 та янги станция ишга туширилди. 15 та замонавий метро поездлари олиб келинди. Янги йўналишлар пойтахтнинг Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусобод туманларидан ўтди.

Бугунги кунда метрополитендан фойдаланадиган йўловчилар сони 5 баробар ошиб, кунлик қатнов 720 мингтага етди. Куннинг тиғиз вақтида поездлар келиш вақти аввалги 5−7 дақиқадан 2 дақиқагача қисқарди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда давлат раҳбари метро хизматлари сифатини ошириш, ҳаракат қулайлиги ва хавфсизлигини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, яна янги вагонлар олиб келиб, фойдаланиш муддати ўтганларини янгилаш, икки дақиқали интервални таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

метрополитен, шавкат мирзиёев, метро

Тошкент метрополитенини трансформация қилиб, даромадини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент Тошкент шаҳрида жамоат транспортини янада ривожлантириш, автобуслар ва метронинг ўзаро ҳамоҳанглигини, автобуслар учун ажратилган йўлаклар фаолиятини таъминлаш, транспорт нуқталарини қуриш бўйича кўрсатмалар берганини маълум қилди. Унга кўра, давлат раҳбари Тошкент шаҳрининг бош режасига мувофиқ метро ва электр транспортини ривожлантириш бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

«Тошкент метрополитени» корхонаси раҳбари Раҳмонбек Усмонов Тошкент метрополитенини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилаётганини, унда қурилиши режалаштирилган станциялар сони ва бошқа вазифалар белгилаб берилганини маълум қилди.

«Президент метрополитенни янги технологиялар асосида қуриш бўйича топшириқ берди. 2040 йилгача режалаштирилган қурилиш ишларида асосан ерости метросига эътибор берилади. Шуни инобатга олиб, Эски шаҳар қисми, айниқса, [шаҳарни] Янги Тошкент билан боғлайдиган иккита алоҳида йўналиш қуриш режалаштирилмоқда. Яқин кунларда ҳурматли президентга тақдимотини қиламиз», — деди у.

«Газета.uz» аввалроқ Янги Тошкентда «эски» Тошкентга боғланадиган ягона трамвай ва метро тармоғини қуриш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди. ««Авваламбор, Тошкентнинг транспорт модели яратилди, у макромодель дейилади. Янги шаҳарга иккита метро линияси — «Буюк Ипак йўли» ва «Дўстлик» бекатлари орқали боғланилади. Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб келиш имконияти яратилади… Автомобилда келишга эҳтиёж қолмайди», — деганди қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чилонзор метро линиясини ТТЗ массивигача кенгайтириш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.