Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари муҳокамаси бўйича йиғилишда давлат банкларига шунча кўмак берилаётганига қарамай, уларнинг рентабеллиги хусусий ва хорижий банкларга нисбатан анча паст даражада эканини таъкидлади. Йиғилиш тафсилотлари бўйича «Ўзбекистон24» каналида эфирга узатилган лавҳада маълумот берилди.

Сўнгги уч йилда банклар капитали 1,8 бараварга, йиллик кредит ажратиш ҳажми 2 бараварга кўпайди. 4 та банк илк бор «евробонд» чиқариб, халқаро капитал бозорларидан 1 млрд доллар ресурс олиб келди. «Ипотека-банк»ка стратегик хорижий инвестор жалб қилинди. 13 та янги хусусий банк ташкил этилди, Венгрия, Қозоғистон ва Грузиянинг нуфузли банклари мамлакатда фаолият бошлади. Онлайн банк хизматлари ҳажми 2,7 баробарга ошди.

«Агар банкни капиталлаштириш нуқтаи-назаридан 4,5 млрд доллардан кўпроқ пул бермаганимизда, бу натижага эришолмасдик. Албатта, банк соҳасида ўзгариш бўлмади десак, нотўғри бўлади, ҳозирги иқтисодиётимизни мана шундай барқарор бўлишида ўзларининг услублари ўзгарганини кўрсатишди. Биринчи марта Европа банки кириб келди. «Ипотека-банк»ни венгриялик стратегик ҳамкорга бердик. Қозоғистондан, Грузиядан учта банк келди. Онлайн банклар ишлай бошлади. 13 та тижорат банкларимиз ишлаб турибди», — деди президент.

Шунингдек, йиғилишда давлат улушига эга банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларнинг қимматли қоғозларини «IPO»га чиқариш, соҳага тажрибали хорижий мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Халқаро рейтинг компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириб, банкларнинг рейтингини ошириш бўйича ўрта муддатли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

«Лекин нима учун давлат банкларига шунча кўп кўмак беряпманда, хусусий ва хорижий банкларга нисбатан рентабелликларининг анча паст даражада десак тўғри бўлади. 16,5 трлн пул турибди. Энг муаммоли кредитлар. Бугун сизни йиғишимдан энг катта мақсад — давлат пулинининг қадрига етиш, самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан ҳар бир тижорат банки дунё қарашини мутлақо ўзгартириши керак», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, давлат раҳбари «Миллий банк»ни IPO`га чиқариш ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Энди лойиҳаларни ҳам банклардан сўраймиз. Янги Ўзбекистонда янги банк тизими бўлади. 2025 йилга бориб, давлат улушини 70 фоиздан 40 фоизга туширишимиз керак. Иқтисодиёт шундай ривожланяптики, биз банкларни тезроқ стратегик ҳамкорга бермоқчимиз. 4 та банкимиз режада турибди. Ёки мана «Миллий банк»имизни IPO`га чиқармоқчимиз. Халқимиз ҳам манфаатдор бўлиши учун бу банк соат механизмидек ишлаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.