Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этаётган биринчи ғарб банки сифатида ОТP Bank, мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси — «Ипотека-банк»нинг асосий акциядорига айланди.

15 июнь куни банкни сотиб олишнинг биринчи босқичи якунланди, ОТP Bank «Ипотека-банк»нинг Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли акциялардан 75 фоизини сотиб олди, қолган 25 фоизи 3 йиллик муддатда харид қилинади.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида OTP гуруҳи ўз фаолиятини йўлга қўяётган биринчи давлат бўлиб, ўзбек банк бозорига кириш гуруҳ тарихида янги саҳифа очади. «Ипотека-банк» активлари бўйича банк бозорининг 7,6 фоиз улушига ҳамда 1,5 миллионга яқин чакана мижозларга эга. Ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим «Ипотека-банк» мижозларидан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширишни талаб қилмайди.

ипотека банк, реклама

2023 йининг 13 июнь санасида Будапештда ОТP Bank 2020 йил охиридан буён Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб борган эди. 2022 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида томонлар мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси — «Ипотека-банк»нинг Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли акцияларининг 100 фоизини (умумий банк акциялардаги улуши тахминан 98 фоиз) ОТP Bank томонидан сотиб олиш юзасидан олди-сотди шартномасини имзолаган эдилар.

Тошкентда ўтган тадбирда эса молиявий амалиёт муваффақиятли якунланди ва ОТP Bank «Ипотека-банк»нинг қонуний назорат органига айланди. Натижада, ОТP Bank «Ипотека-банк»нинг 73,41 фоиз эгалиги билан асосий акциядорига ҳамда билвосита банкка тегишли молиявий лизинг билан шуғулланувчи «Ипотека лизинг» ва суғурта хизматларини таклиф қилувчи «Имкон-Суғурта» жамиятларининг эгасига айланди.

Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ОТP Bank билан ҳамкорликда келгусида «Ипотека-банк»ни молиявий ва трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

«Ўзбекистон банк бозорига Европадан жуда катта институционал инвестор кириб келиши иқтисодиётимиз ривожланиши учун ҳам катта омил ҳисобланади. Ушбу хусусийлаштиришга қадар биз кўп қадамларни босиб ўтдик. Тарихий воқеаларга гувоҳ бўлиб турибмиз. OTP «Ипотека-банк»нинг 75 фоизига эга бўлди. Барчага муваффақият тилайман» — деди иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.

ипотека банк, реклама

«Мазкур битим билан банк фаолиятида янги босқич бошланмоқда. Биз Марказий Осиё минтақасида энг йирик банкка айланамиз. Ҳозирга қадар 11 та мамлакатдан 23 та банкни сотиб олганмиз. Активларимиз 300 млн доллардан 16 млрд долларгача ўсди. Фойдамизнинг двидендлардан қолган асосий қисмини банкимиз фаолиятини янада ривожлантириш, ишларимиз самарадорлиги учун сарфлаб келмоқдамиз. Ўзбекистон ҳукуматига мазкур ҳамкорлик учун миннатдорлик билдираман», — дея таъкидлади OTP Bank директори ўринбосари Ласло Вульф.

ипотека банк, реклама

«Биз барчамиз ОТP гуруҳи томонидан „Ипотека-банк“ мижозлари, ходимлари ва ҳамкорларига тақдим этиладиган янги имкониятларни интиқлик билан кутмоқдамиз. 2019 йилдан буён „Ипотека-банк“ узлуксиз трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда, бу эса барқарор ўсиш ва маҳаллий банклар орасида кучли позицияни эгаллаш имконини бермоқда. Мазкур битим, албатта, бизнинг тарихимизда яна бир муҳим босқич бўлади ва шубҳасиз, ОТP Bank гуруҳининг аъзоси сифатида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатининг янада юқори стандартларини тақдим эта оламиз ҳамда янги рақамли технологиялар, маҳсулотлар ва бошқарув тажрибаси ёрдамида банк секторида етакчиликка эришамиз», — деди «Ипотека-банк» бошқарув раиси Элёр Иномжонов.

Транзакция амалга ошгандан кейинги мақсад — муваффақиятли интеграция жараёнини ўтказишдан иборат: ОТP гуруҳи ва «Ипотека-банк» биргаликда мижозлар, ходимлар ва ҳамкорлар га янги имкониятларни таклиф қилиш мақсадида бизнес амалиётлари, филиаллар тармоғи, тизимлар, маҳсулотлар ва инновацияларнинг турли жиҳатларини синчковлик билан ўрганиб чиқади. «Ипотека-банк» мижозларидан ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширишни талаб этмайди ва уларга интеграция жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида маълумотлар тақдим этилади.

ипотека банк, реклама

«Ипотека-банк» — активлари ҳажми бўйича 7,6 фоиз бозор улушига эга Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки ҳисобланади. Банк йирик корпоратив мижозларга эга бўлишдан ташқари, чакана мижозлари сони 1,5 миллионни ташкил этади ва 39 та филиаллар тармоғи, 200 дан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиш марказлари орқали ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Банк активлари, сўнгги уч йилда кредит портфелида йиллик ўртача 20 фоиз, депозит портфелида эса 24 фоизга ўсиш ҳисобига кўпайиб, сўнгги йиллардаги соф фойдаси ҳам доимий равишда яхшиланиб бормоқда.

ОТP гуруҳи — юқори рентабеллик, барқарор капитал ва ликвидлик позициясига эга бўлган, Марказий ва Шарқий Европа минтақасида тез ривожланаётган ва етакчи банк гуруҳларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг 12 мамлакатида 41 000 дан ортиқ ходимга эга бўлган гуруҳ 17,5 миллиондан ортиқ мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. Марказий ва Шарқий Европа минтақаси банк секторидаги фаол молиявий бирлаштирувчи сифатида гуруҳ 2000 йиллардан бошлаб 23 та банкни муваффақиятли сотиб олди ва бирлаштирди. Ҳозирги вақтда банк Венгрия, Болгария, Сербия, Черногория ва Словенияда фаолият олиб бормоқда. ОТP Гуруҳи бош оффиси Венгрияда жойлашган бўлиб, мулкчиликнинг диверсификацияланган ва шаффоф тузилмасига эга. Банк гуруҳи 1995 йилда Будапешт фонд биржасида рўйхатга олинган.

Реклама ҳуқуқлари асосида