16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев ўз ишини Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёрат қилишдан бошлади. Мажмуада Қуръон оятлари тиловат этилиб, уламолар билан суҳбат қурилди.

Ундан сўнг президент Бойсун туманида бўлиб, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ-кимё мажмуаси қурилиши билан танишди. Бу ерда газ кони бир неча ўн йиллар олдин топилган. Бироқ географияси мураккаб бўлгани, ўша пайтда замонавий технология ва маблағ бўлмагани учун ҳеч ким ўзлаштиришга ботинолмаган. Шавкат Мирзиёев 2019 йил апрель ойида бу ерда бўлиб, дастлабки қидирув ва техник-иқтисодий асослар билан танишганди.

«Surhan Gas Chemical Operating Company» хорижий корхонаси бажараётган ушбу лойиҳанинг қиймати 2,9 млрд доллар. Мажмуа йилига 5 миллиард метр куб газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Ҳозиргача конни ўзлаштиришга 1 млрд 450 млн долларлик инвестиция киритилиб, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланган. 11 та газ қудуғи синовдан муваффақиятли ўтган. Пойдевор ишлари ва металл конструкциялар қуриш қарийб якунланиб қолган. Заводнинг лойиҳалари ва қурилиши «Shell» компаниясининг лицензияланган технологиялари асосида олиб борилмоқда. У энг илғор экологик талабларга мос бўлиб, ишлаб чиқаришдаги зарарли чиқиндиларни 99 фоиз зарарсизлантириш имкониятига эга. Бундай ускуналар МДҲ давлатлари ичида биринчи бор ушбу заводга ўрнатилмоқда.

«Асосий мақсад газни хомашё ҳолатида сотиш эмас, уни қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар олиш бўлиши лозим. Инвестиция тез вақтларда ўзини оқлаб, завод рақобатбардош бўлиши учун охирги маҳсулот сифатли ва юқори даромадли бўлишига эришиш керак», — деди мутахассис ва қурувчилар билан суҳбатлашган Шавкат Мирзиёев.

Мажмуа Бойсун шаҳридан 20 километр узоқда жойлашган. Айни пайтда унинг қурилишида 7 мингдан ортиқ киши, махсус техникалар ишламоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи келгуси йил май ойида ишга туширилади, 2025 йилда тўла қувватга чиқади. Завод Ўзбекистондаги 8-газ-кимё мажмуаси, Сурхондарёдаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлади. Унда 1050 киши юқори даромадли иш билан таъминланади.

Давлат раҳбарининг кейинги манзили Тўпаланг гидроэлектр станцияси бўлди. Президент объектнинг модернизация ишларини кўздан кечирди. 2019 йилнинг апрель ойида Шавкат Мирзиёев Тўпаланг гидроэлектростанциясини бориб кўрган. Давлат раҳбари янги тўғон ва гидроэлектр станцияни кўздан кечириб, буни «тарихий воқеа» деб атаган ва келгусида Сурхондарё гидро энергия ҳисобидан бемалол иқтисодиётини таъминласа бўлишини таъкидлаган.

Унинг 2023 йил мартдаги ташрифида объектни модернизация қилиш лойиҳаси фойдаланишга топширилди. Бу галги ташриф чоғида иш жараёни билан яқиндан танишилди. Шу ерда Тўпаланг дарёси негизида гидро энергетика қувватларини ошириш бўйича тақдимот ўтказилди. Унга кўра, келгуси йилларда дарёнинг юқори қисмида қуриш учун 20 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қуввати 264 мегаватт бўлиши мўлжалланган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тўпаланг дарёсида «Зарчоб-3» кичик гидро электр станцияси қурилишига старт берди. Унинг қуввати 16 мегаватт бўлади ва йилига 70 млн киловатт/соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. У табиий ва қайта тикланувчанлиги билан аҳамиятли. Шунингдек, бошқа қувватлар асосан кундуз куни ишлаб чиқарилгани боис, бу йўналиш энергетика тизимида ростловчи вазифасини ҳам ўтайди. Олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон, дейилади хабарда.

Ҳозирги тизим бўйича, дарё суви махсус босим остида аввал Тўпаланг ГЭСига йўлланади. Ундан кейин бир биридан унча узоқ бўлмаган Зарчоб станцияларидаги парракларни айлантиради.