17 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтказган йиғилишда туризм салоҳиятини ишга солиш масалаларига тўхталди.

Президент матбуот котиби хабарига кўра, вилоятда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм объектлари бор.

2023 йилда Далварзинтепа ёдгорлигида очиқ осмон музейини ташкил қилиш бўйича ишлар бошланган. Бу ишларни давом эттириб, Бойсунда дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири бўлган «Бойбулоқ», неандертал одам қолдиғи топилган «Тешиктош» ва «Мачай» ғорлари, эллин маданияти ёдгорлиги бўлмиш Узундара қалъасида ҳам бундай музей ташкил этилади. Шерободдаги қадимги одам яшаган Хатак ғори ва Зараутсой қоятошига хорижий олимлар экспедицияси йўлга қўйилади.

Шунингдек, «Самарқанд — Китоб — Денов — Олтинсой — Термиз» маршрути бўйлаб «Нақшбандия пирлари» туризм ҳалқаси очилади.

«Вилоятда 2,5 минг ўринга эга 53 тагина меҳмонхона бор, уларнинг ярми Термиз шаҳрида жойлашган. 2024 йилда вилоятга сайёҳлар оқимини 3 баробар ошириш режа қилинаётгани боис Сурхондарё тадбиркорларига меҳмонхона қуришга «юлдузи»дан қатъи назар субсидия берилиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Йил якунига қадар Сариосиё аэропортида фуқаро авиацияси фаолиятини тиклаш, келгуси йилдан Сариосиёдан Самарқанд ва Тошкентга мунтазам рейсларни йўлга қўйиш, Термиздан Истанбул, Фарғона, Бухоро ва Хоразмга рейсларни кўпайтириш топширилди.

Шунингдек, «Термиз — Тошкент» йўналишида туристик вагон, «Сариосиё — Тошкент» йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2022 йил 26 октябрь куни имзолаган «Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Сариосиё аэропортларига авиақатновларни тиклаш ҳақида банд бор.