Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан янги ёндашувлар, инновацион ва «яшил технологиялар» ҳамда бошқарувда замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисидаги қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Лойиҳага кўра, Чилонзор тумани ҳудудидан Дўмбиробод, Кичик ҳалқа йўли, Дилхуш 2-тор кўчаси кесишмалари оралиғида (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ёки 16-шаҳар шифохонаси қаршисида) жойлашган йўл бўйидаги аҳоли хонадонлари ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини эгалари билан келишган ҳолда реновация асосида кўп қаватли қилиб қайта қуриш ва 1-қаватида янги замонавий хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Чилонзор тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Бўрижар» каналининг икки ён-атрофини ободонлаштириш орқали канал атрофида аҳоли дам олиш маскани ва спорт майдончалари, умумий овқатланиш ва савдо шохобчаларини ўз ичига олган гастрономик кўча (сайилгоҳ) ташкил этиш режалаштирилмоқда.

«Қатортол» кўчасида 24 соат узлуксиз фаолият юритадиган енгил констукцияли хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш ҳисобига туристик кўчага айлантириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Чилонзор туманидаги бошқарув сервис компаниялари ҳамда уй-жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори негизида худуддаги кўп қаватли уй-жойларни ертўласидан самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кўп каватли уйларнинг ертўлаларини таъмирлаш учун кредитлар ажратиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳа «Анҳор» каналининг Чилонзор тумани Кичик халқа йўлидан Наққошлик кўчасигача оқиб ўтувчи 1,7 км узунликдаги қисмини ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этишни ҳам кўзда тутади. «Бунёдкор» шох кўчаси ён қисмидан Тошкент автомобиль йўлигача оқиб ўтувчи 4,1 км узунликдаги «Қонқус» каналини ҳам ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжат муҳокамаси 1 декабрга қадар давом этади.

Президент июль ойида Тошкентнинг Чилонзор туманида 320 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этиш, «Бўрижар» канали қирғоқларини ободонлаштириш ва у бўйлаб гастрономик кўча ҳамда хиёбон қуриш, шунингдек, трансформаторларни ўрнатиш каби қатор лойиҳаларни тасдиқлаган эди.

Давлат раҳбари, шунингдек, «Бунёдкор» стадиони автотураргоҳи ҳудудидаги 5,5 гектар майдонда умумий қиймати камида 200 млн доллар бўлган бизнес маркази, шунингдек, «мунтазам равишда юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш учун» Бунёдкор шоҳ кўчаси ва 2-Қатартол кўчаси чорраҳасида янги йўл ўтказгичлар қурилишини тасдиқлаганди.