Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Тошкент шаҳридаги Чилонзор туманининг саноат салоҳиятини ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда «Бешқўрғон» ва «Тирсакобод» маҳаллалари ҳудудида 320 гектар майдонда 30 йил муддатга кичик саноат зонаси мақомига эга бўлган саноат ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бир ой муддатда саноат зонаси ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати қабул қилинади. 31 декабрга қадар хорижий консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда ҳудудни ривожлантиришнинг бош режаси ва стратегиясини тасдиқлаш топширилди. Бу ишлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Улар асосида муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Тошкент Ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежининг бўш турган ҳудудларини тадбиркорларга энг кам ижара ставкасида танлов асосида ижарага бериш топширилди. «Диёр» маҳалласида ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш бўйича амалий мономарказ ташкил этиш режалаштирилган.

Қўшимча юкламани тақсимлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида «Рубоий» нимстанциясига 40 минг кВт, «Чилонзор» нимстанциясига 25 минг кВт қувватга эга янги трансформаторларни ўрнатишга 17 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Туман ҳудудидан оқиб ўтувчи «Бўрижар» канали қирғоқларини ободонлаштириш, бу ерда дам олиш маскани ва спорт майдончалари, умумий овқатланиш ва савдо шохобчаларидан иборат гастрономик кўчасини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 40 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Қарорда, шунингдек, Бунёдкор шоҳ кўчаси бўйлаб Тошкент шоссесигача оқиб ўтадиган 4,1 километр узунликдаги «Қонқус» каналини ободонлаштириш, «Анҳор» каналининг Чилонзор тумани Кичик ҳалқа йўлидан Наққошлик кўчасигача оқиб ўтувчи 1,7 км узунликдаги қисмини ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш кўзда тутилган. Лойиҳаларнинг қиймати мос равишда 28 ва 17 миллиард сўмни ташкил этади.

Чилонзор туманидаги маҳаллаларда бўш ётган ер майдонларида камида 10 сотих майдонда 10 миллиард сўмлик кичик боғ ва хиёбонлар ташкил этиш ҳам дастурда назарда тутилган.

Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига 2023−2024 йилларда республика бюджетидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига уч йил муддатга 100 миллиард сўм миқдорида бюджет ссудасини босқичма-босқич ажратиш топширилди.