Тошкент шаҳри Миробод тумани ҳокимлиги тармоқларда ҳайдовчилар бир-бирига йўл бермагани оқибатида муштлашув юз бергани айтилган видео юзасидан муносабат билдирди.

Тарқалган видеолавҳада аввалига фуқаролар гап талашгани, кейин муштлашув бошлангани, бир муддат ўтиб, можарога яна бир неча кишилар қўшилганини кўриш мумкин.

Туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, ҳодиса 12 ноябрь куни содир бўлган.

20 ёшли Х.В. танишлари — 23 ёшли М.Б. ва 18 ёшли М.А. билан Spark автомобилида Мунис кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Қўйлиқ-5 даҳасида Nexia-3 ҳайдовчиси 34 ёшли А.Б. билан бир-бирига йўл бермай, келишмовчилик юзага келган.

Сўнг Spark`даги йўловчилар — М.Б ва М.А. ҳамда Nexia-3 ҳайдовчиси А.Б ва унинг шериги 21 ёшли Ю.М. гап талашиб, жанжаллашган. Жанжал Spark ҳайдовчиси — Х.В. томонидан видеога олиниб, тармоқларга жойланган, дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида Spark йўловчиларидан бири — М.Б. Тошкент давлат стоматология клиникасига мурожаат қилган. Фуқарога юқори лаб соҳаси эзилиши ва йиртилиши, шунингдек, чап ёноқ соҳаси шилиниши ташхиси қўйилган.

Ҳокимликка кўра, жанжалда иштирок этган бошқа фуқаролар тан жароҳати олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу жиноят учун 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.