Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда гиёҳвандликнинг олдини олиш дастури (CADAP) директори Эрнест Робелло 15 ноябрь куни дастурнинг 20 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида сўзга чиқиб, Афғонистонда етиштирилган гиёҳванд моддаларнинг Ўзбекистонда тарқалишига изоҳ берди.

Эрнест Робелло БМТнинг расмий статистик маълумотларига таяниб, Афғонистонда кўкнори етиштириш сезиларли даражада камайганини таъкидлади. Ноябрь ойи бошида БМТ Афғонистонда кўкнори етиштириш 2022 йил апрелида «Толибон» томонидан бу ўсимликни етиштириш тақиқлаганидан кейин 95 фоизга қисқарганини маълум қилгани ҳақида ёзгандик.

«Шунга қарамай, метамфетамин Афғонистонда ишлаб чиқарилади ва у ердан келади. CADAP эса минтақа мамлакатларини ушбу янги дори воситаларининг Марказий Осиёга олиб ўтилишига қарши курашишга тайёрлаш ва бундай дори воситаларидан фойдаланиш кўпайишининг олдини олиш учун бошқа ёрдамлар кўрсатиш устида ишламоқда», — деди дастур раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, Афғонистонда етиштириладиган героин ва бошқа опиоидлар каби бошқа гиёҳванд моддалар ҳам истеъмол қилинади. Бироқ, агар уларнинг миқдори камайса, бошқа турдаги гиёҳванд моддаларга, шу жумладан, метамфетаминга ўтилади.

«Шунинг учун Афғонистондан Ўзбекистонга метамфетамин етказиб бериш кўпайиши мумкин», — дейди Эрнест Робелло.

Метамфетамин — эфедринни ўз ичига олган синтетик дори ҳисобланади.

Май ойида божхона хизмати Сурхондарёдаги «Айритом» чегара божхона постида Афғонистондан ўтказилаётган анор шарбатлари таркибида 103 кг метамфетамин синтетик гиёҳвандлик моддаси борлигини аниқлаганди. Айнан «М» ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблаганда уларнинг умумий оғирлиги 103 килограммни ташкил қилди. Юклар Тошкент шаҳридаги маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилаётган бўлган.

2022 йилда Ўзбекистон божхоначилари томонидан 109,3 кг синтетик гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш бўйича 41 та ҳолат аниқланган. Жорий йилнинг бошидан май ойига қадар 103,3 кг миқдоридаги синтетик гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтиш ва мамлакат ҳудудида олиб ўтилишига чек қўйилган.