Сурхондарёда Ўзбекистонга синтетик гиёҳвандлик воситаларининг яширин равишда олиб кирилишининг олди олинди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

«Айритом» чегара божхона постига 9000 дона пластик идишларга қадоқланган 18 тонна анор шарбати ортилган юк машинаси кириб келган. Юклар «қизил» йўлакка йўналтирилиб, кўрикдан ўтказилганда айрим анор шарбати идишларига «М» ҳарфи белгиси туширилгани, айнан шу идишлардаги шарбатнинг рангги ҳам бошқаларидан бироз фарқ қилиши шубҳа уйғотган. Идиш оғзидаги ҳимоя қатламлари ҳам муқаддам очилгани маълум бўлган.

Гиёҳвандлик воситаларини тезкор аниқлашга хизмат қилувчи синама кўмагида ушбу шарбат текшириб кўрилганида, унинг таркибида метамфетамин номли синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

«Айнан „М“ ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблаганда уларнинг умумий оғирлиги 103 килограммни ташкил қилди. Юклар Тошкент шаҳридаги маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилаётган бўлган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигда метамфетамин моддаси мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган наркотик моддалар рўйхатига киритилган. Мазкур модда анъанавий гиёҳвандлик воситаларига нисбатан энг кучли қарамликни, узоқ давом этадиган уйқусизликни келтириб чиқарадиган, марказий асаб тизимини ишдан чиқарадиган ҳалокатли синтетик наркотик ҳисобланади.

Дунё бўйлаб қора бозорда метамфетаминнинг 1 грамми айрим давлатларда ҳатокки 700 долларгача кўтарилганини инобатга олсак, мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган ушбу модданинг умумий қиймати бир неча ўн миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Республика божхоначилари 2022 йилда аниқланган 41 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 109.3 кг, 2023 йил 1 чорагида эса 10 та ҳолатда 103,3 кг оғирликдаги синтетик гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйган.