Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси йирик савдо тармоқлари билан озиқ-овқат, жумладан, ун, ёғ, гўшт, сут, шакар ва бошқа маҳсулотлар етказиб берувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича ўрганиш ўтказмоқда.

Шу муносабат билан қўмита йирик савдо тармоқларида маҳсулотни етказиб берувчи ёки етказиб бериш таклифи рад этилган, жумладан қуйидаги ҳолатларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар)дан ушбу ўрганишларда фаол иштирок этишни сўради;

  • хизмат кўрсатиш имконияти бўлатуриб асоссиз равишда шартнома тузишни рад этиш;
  • йирик савдо тармоқлари томонидан етказиб берувчиларнинг товарларига нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш;
  • бошқа йирик савдо тармоқлари билан шартнома тузмаслик шартини белгилаш ёки ушбу шарт билан шартнома тузишга розилик бериш;
  • етказиб берувчиларга шартнома тузишда асоссиз талаблар белгилаш, шу жумладан товарни сотиб берганлик учун мукофот пули (ретро бонус) ва/ёки уни савдо растасининг истеъмолчиларга яққол кўринадиган жойларда жойлаштириш учун қўшимча тўлов тўлаш шартини мажбуран қабул қилдириш;
  • товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан бир хил товар учун тўлов муддатларини ҳар хил белгилаш;
  • маҳсулотлар учун тўловни амалга ошириш муддатларига риоя этмаслик;
  • маҳаллий ва импорт товарларга нисбатан тенг бўлмаган шароитлар яратилгани ва шу каби бошқа ҳолатлар.

«Агар сизда юқоридаги каби ҳолатлар ва бозорда тенг рақобат таъминланиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса, Рақобат қўмитасининг сўровномаларида ўз таклиф ва мурожаатларингиз билан қатнашиб боришингиз мумкинлигини маълум қиламиз. Қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳ бу борада комплекс ўрганишлар олиб бориб, тадбиркор (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар)лардан таклиф ва шикоятлар қабул қилиш тизими фаолият олиб бораётганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Шикоят ва таклифларни қўмита сайти ёки 1159 рақами орқали қолдириш мумкин.

Президент 9 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароитлар яратилмагани, чакана сотувчилардан товар учун пул олиш муаммолари, аҳолидан маҳсулотлар сифати ва нархи бўйича кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини таъкидлаганэди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Шахрух Шарахметовнинг Рақобат қўмитаси раҳбари лавозимига лойиқлиги масаласини ўрганишни топширди.

2019 йил июлида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат илмий-тадқиқот институти етказиб берувчиларни йирик чакана сотувчилар томонидан қўйиладиган «камситувчи шартлар»дан ҳимоя қилиш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиққан эди.

Ўша йилнинг июнь ойи охирида Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган тадбиркорлар йиғилишида айрим савдо тармоқлари томонидан етказиб бериладиган товарлар учун камситувчи тўлов шартлари масаласи муҳокама қилинганди. Ўшанда Bio-Sut вакили супермаркетларда етказиб берувчиларга тўловлар камида 90 кун, баъзан эса 9 ойгача кечикишини айтганди. У муддати ўтган дебиторлик қарзларини 30 кунгача қисқартиришни таклиф қилганди.