Бундан 30 йил муқаддам, 1993 йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон миллий валютаси — «сўм»ни жорий қилиш йўлидаги дастлабки жиддий қадамлардан бири ташланган эди: республика ҳудудида 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 қийматидаги сўм-купонлар муомалага чиқарилган. «Сўм-купонли ўтиш даври» етти ярим ой давом этган — 1994 йил 1 июлдан 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўм қийматидаги ўзбек миллий валютаси чиқарилган.

Сўмлар ўтган тўлиқсиз 30 йил давомида бир қатор ўзгаришларни бошдан кечирди. Биринчидан, 100 сўмдан ҳам катта қийматли банкнотлар пайдо бўлди — 1997 йилда 200 сўмлик, 1999 йилда 500 сўмлик, 2001 йилда 1000 сўмлик, 2013 йилда 5000 сўмлик, 2017 йилда 10 минг ва 50 минг сўмлик, 2019 йилда 100 минг сўмлик, 2021 йилда 2000 ва 20 минг сўмлик, 2022 йилда эса 200 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.

Шу билан бирга, 2019 йил 1 июлдан 1994 йил намунасидаги 50 ва 100 сўмлик, 2020 йил 1 мартдан эса 1994 йил намунасидаги 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик, 2020 йил 1 июлдан эса 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик муомаладан чиқарилди (улар ўрнига шу қийматдаги танга пуллар муомалага чиқарилди). 2021 йилда 5000, 10 минг, 50 минг ва 100 минг сўмликларнинг янги намуналари чиқарилди.

Айнан охирги ўзгаришлар, янги банкнотлар дизайнидаги шрифтлар ва ранглар билан боғлиқ ўзига хос ечимлар сўмларни бироз бошқотирмага айлантирди. «Газета.uz» эса уларни тест саволларига айлантирди (маълумот учун, ушбу тест саволлари дастлаб 2022 йил декабрида рус тилида эълон қилинган эди).