Пулнинг «таъми» дизайн билан
Янги сўмларнинг нимаси ёмон ва ўзи чиройли пуллар қандай бўлади?
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзбек сўмининг янги банкнотлари учун танланган ва унчалик ҳам муваффақиятли чиқмаган дизайн устидан анча-мунча эътироз билдирди. Рангларнинг ўхшашлиги ва нолларнинг ёпишиб кетгани боис одамлар ҳар хил қийматдаги пулларни адаштириб юборяпти. Дизайнер Азамат Шамузафаров пулда дизайн нима учун муҳимлиги, тарихан бу масала қандай шакллангани ва янги сўмларнинг камчиликлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзбек сўмининг янги банкнотлари учун танланган ва унчалик ҳам муваффақиятли чиқмаган дизайн устидан анча-мунча эътироз билдирди. Рангларнинг ўхшашлиги ва нолларнинг ёпишиб кетгани боис одамлар ҳар хил қийматдаги пулларни адаштириб юборяпти. Дизайнер Азамат Шамузафаров пулда дизайн нима учун муҳимлиги, тарихан бу масала қандай шакллангани ва янги сўмларнинг камчиликлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбек сўмининг янги банкнотлари истеъмолчилар учун пул билан боғлиқ янги ташвишга айланди. Турли қийматдаги сўмларнинг ташқи кўринишидан бир-бирига жуда ўхшаш экани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Орасида бўшлиқ (пробел) қолдирилмаган ноллар ва банкнотлар рангларининг ўхшашлиги ортидан, масалан, 20 минг сўм ўрнига 200 минг сўм тўлаб юборганлар кам эмас. Бундан бошқа банкнотларда ҳам шу каби муаммолар бор.

Янги сўмларнинг дизайнерлари қандай хатоликка йўл қўйганини тушуниш учун турли мамлакатларнинг қоғоз пуллари авваллари қанақа эдию, ҳозир қандай кўринишда — шуни бир кўриб чиқсак.

Қоғоз пулларнинг жуда қисқа тарихи

Металл ўрнига қоғоз пулдан фойдаланиш VII асрда Хитойда бошланган. Ўшанда қоғоз пул тилхат вазифасини бажарган: фуқаро бир шаҳарда бир кило тангани топшириб, эвазига тилхат олиши, сўнг бошқа шаҳарга осон ва хавфсиз етиб олиб, у ерда бояги тилхат асосида бир кило пулини қайтариб олиши мумкин. Тилхат мақомидаги қоғоз пуллар Европада орадан минг йил ўтибгина пайдо бўлди.
XI асрга мансуб Хитой банкноти. Манба.
Швециянинг 1666 йилги банкноти. Манба.
Европанинг илк купюраларидаги имзолар, муҳрлар ва рамзий нақшлар пулни қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи унсурлар ҳисобланарди. Қалбаки пуллар сезиларли кўпайгач, банклар пулларни каллиграф (хаттот)ларга чиздира бошлади — улар буюртмачи талаби асосида қоғоз пулга вензеллар чизиб бериши керак эди.

Чоп этиш, босма технологиялари ривожланиши ортидан XIX аср ўрталарида купюраларда гильош — бири-бирига қоришиб кетган чизиқлардан ташкил топган мураккаб нақшлар пайдо бўлди, бундай нақшинкор чизиқларни оригинал босмасиз такрорлаш анча мушкул эди.
1862 йилги доллардаги гильошлар. Манба.
Бундай нақшлар анча вақтгача пулларни қалбакилаштиришдан асрашда қўл келди. Шу боис ҳам дунё бўйлаб нақшлари мураккаб, шу билан бирга назокат билан чизилган қоғоз пуллар оммалашиб кетган.
Россиянинг 1892 йилги рублидаги гильошлар. Манба.
Замонавий қоғоз пуллар шарҳи
Гильошнинг жимжимадорлиги жуда қиммат тўйхонанинг безатилишига ўхшаб кетади, шу боис вақт ўтиши билан бундай дизайн маънан эскирди, боз устига технологиялар жадал ривожланиши ортидан энди гильошли пулларни ҳам қалбакилаштириш имкони пайдо бўлганди.

Пулни қалбакилаштиришдан ҳимоялаш йўллари ўзгара бошлади. Бугунги кунда бу борада полимер пуллар айниқса ишончли ҳисобланади. Ҳозирда 55 та мамлакат ўз пулларини шундай кўринишда чиқаради. Аксарияти бир-икки банкнотларинигина полимерга ўтказган, аммо Австралия, Вьетнам, Руминия ва яна бошқа бир қатор мамлакатлар барча номиналдаги купюралари полимерда.
Бундай пуллар пластик матога ўхшайди. Уларни йиртиш қийин, анча вақтгача эскирмайди, ишлаб чиқариш нисбатан осон, лекин тайёрланиши шу қадар қимматки, бундай пулларни инфляция даражаси паст валюталар учун чиқарган афзалдир.
реклама
реклама
Гильошлардан воз кечилиши муносабати билан қоғозда бўш жой кўпайди. Бу жойларни давлат учун аҳамиятга эга нарсаларнинг суратлари билан тўлдиришга қарор қилинди. Бунда асосан фойдаланиладиган сюжетларни бир неча туркумга ажратиш мумкин: одамлар ва жониворлар, ютуқлар ва воқеалар, архитектура ва номоддий бойликлар.

Сўмлар дизайни

Сўм-купонлар
Ўзбекистоннинг илк пуллари 1993 йили сўм-купон кўринишида муомалага киритилган. Улар «нормал» пуллар чоп этилгунига қадар фойдаланилган вақтинчалик бир восита эди, шу боис уларга кўп эътибор қаратиб ўтирмаймиз.

Фақат ранглар гаммаси бўйича сўм-купонлар бир-биридан кескин фарқланганини қайд этиб ўтиш жоиз. 10 минглик банкнотда охирги учта нолни гуруҳлаштириб қўйиш қарори ҳам қизиқ кўринади.
Сўмлар
1994 йил 1 июль куни ҳақиқий пуллар муомалага чиқарилди. Ўшанда дизайнерлар янада яхшироқ ишласа бўларди, аммо шунда ҳам дастлабки сўмлар бизнинг ҳозирги, замонавий пулларимиздан-да кўпроқ устунликларга эга эди. Кичик, ўрта ва йирик қийматдаги банкнотлар бир-биридан ўлчамлари билан фарқ қиларди. Бу яхши қарор уларни адаштириб юбормаслик ва айрим пулларни қарамасдан, қўл билан ушлаб, ҳис қилиб ҳам фарқлаш имконини берарди.
Дизайн концепцияси тушунарли эди: олд томонда уч табақали формат, орқа тарафда эса откриткасифат манзара. 1997 йилгача барча банкнотларнинг олд томонига меъморий композициялар жойлаштириларди, аммо 1997 йили концепция бузилиб, аввалига 200 сўмликда йўлбарс, сўнг — 1999 йили — 500 сўмликда Амир Темур ҳайкали пайдо бўлди.
реклама
реклама
Давлат герби 1000, 5000, 10 000 ва 50 000 сўмлик банкнотларнинг марказий элементига айланди. Уларнинг орқа тарафи эса, афтидан, бизнинг буюклигимизни намоён этиши керак бўлган бир-бирига ўхшаш устунли биноларнинг суратларидан иборат эди.
Пулда марказий элемент сифатида гербдан фойдаланиш — яхши дизайнерлик ечими эмас. Гербда майда деталлар шу қадар кўпки, кичикроқ масштабда у ичи доираларга тўла бир доирага айланиб қолади. Ҳа, у эътиборни ўзигақарата олади, лекин кўпроқ қора туйнукдек кўринади. Ноллари ёпишиб кетгани ва дизайнерларнинг бошқа ўхшамаган ечимларига қарамай, бу пуллар ранги бўйича бир-биридан сезиларли фарқ қиларди.

2019 йили 100 000 сўмлик банкнот чиқарилди. У, эҳтимол, энг қизиқ купюра бўлса керак. Худди Вилли Вонканинг олтин чиптасига ўхшагани боис уни бошқа банкнотлардан осон ажратиб олиш мумкин. Айнан шу купюрадан бошлаб пулларимиз «рамка»сиз чиқа бошлади, шу сабабли ундаги объектлар нисбатан эркинроқ «нафас олади». Бу банкнот ўз йўналишида такрорланмас, қиёси йўқ, чунки кейинги, янги сўмларда бошқача концепциядан фойдаланилган.
Янги сўмлар
2021 йили 2000, 5000, 10 000, 20 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик, 2022 йили эса 200 000 сўмлик бахтсиз янги банкнотлар муомалага чиқарилди. Уларнинг дизайнида бир жуфтгина яхши ечим бор — шуларнинг шарофати билан пулга қарагинг келади.
Муваффақиятли ечимлар
Икат декоратив ва ҳимоя элементи сифатида
Икатнинг кўриниши оригинал, текстураси етарли даражада мураккаб, тасвири кўпчиликка таниш ва дунёнинг саноқли мамлакатларидагина ишлатилади. Ундан пулдан фойдаланиш ғоясини янада ривожлантириш мумкин эди, ахир у ҳатто дунё миқёсида ҳам оригинал ечим.

Барча купюраларда икат фақат тусига кўра фарқ қилади, фақат 20 000 сўмликда унинг ўрнига бирдан қорақалпоқ ёзуви жойлаштирилган (тўғри, купюранинг орқа тарафидаги икат барибир сақлаб қолинган).
«Спарк лайв»
Ушбу ҳимоя элементи 50 000 ва ундан катта қийматдаги банкнотларда ишлатилган. У дарҳол эътиборни тортади, чунки контрастли ва ўзига хос жилоланади. Бундай элемент учта: қуш, ижтимоий тармоқларда «Бэтменнинг логотипи» дея таърифланган қандайдир миллий нақш ва кўпчиликка маъқул келган анор.
Ўхшамаган ечимлар
Банкнотлар ўлчами
Янги банкнотларнинг ўлчами банкоматлар учун сезиларли, аммо инсон кўзи ва қўли учун эмас. Пулнинг эни ўзгармайди, аммо узунлиги 5 миллиметрдан ўзгариб боради.
Дизайн концепцияси
Янги пулларни бир умумий мавзу — Буюк Ипак йўли боғлаб туради. Аммо визуал жиҳатдан купюралар бизга эски бинолар ва синган идишлар ҳақидагина маълумот беради, холос.
Ўхшаш ранглар
Бу янги пулларнинг энг асосий муаммоси бўлиб, ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар ҳам асосан шундан норози эди. 10, 20 ва 50 минг сўмлик банкнотлар кўк-бинафшаранг гаммада ишланган бўлиб, тусланиши бир-бирига яқин. Бу ҳолат эса уларни адаштириб юборишга сабаб бўлмоқда.
Ўхшаш суратлар
Ўзбекистон пулларида ҳеч қачон портретлар бўлмаган. Жаҳонда кўп қўлланиладиган, аммо мажбурий ҳисобланмаган ушбу амалиёт ўз Навоий ва Берунийларининг қиёфаси қандай чизгиларга эга бўлгани ҳақида батафсил ҳикоя қила оладиган ва уларнинг бирини бошқаси билан адаштириб юбормайдиган мамлакатларга хос.

Иқтисодиёти заиф, аммо табиати чиройли мамлакатларнинг купюраларида кўпинча жониворлар акс эттирилади. Бизда намойиш этгулик бундай нарсалар йўқ, шу боис пулларимизнинг орқа томонига кўринишидан унчалик ҳам эътиборга молик бўлмаган, бир-бирига ўхшаш синиқ тувакларнинг суратларини жойлаштириб чиққанмиз.
реклама
реклама
Идишлар қандайдир қалъалар фонида тасвирланган бўлиб, бу қалъалар шу қадар узоқдаки, у ерга бир ярим киши етиб борганми-йўқми, номаълум. Қалъаларни ҳам ҳам бир-биридан фарқлай олмайсан.

Пулларнинг олд томонига минорали, устунли ва аркали бир хил биноларни жойлаштирганмиз. Кўкалдош мадрасаси билан Шердор мадрасаси қандай кўринишида эканини биладиган ва уларни бир-биридан ажрата оладиган одамлар қанча ўзи?
Номиналда бўшлиқ (пробел)нинг йўқлиги
Мингни билдириш учун сонлар орасида бўшлиқ қолдириш — ишлаб чиқаришда ҳеч нарса талаб қилмайдиган, аммо пул қийматидаги нолларни санашни осонлаштириб, уни бошқа банкнотлар адаштириб юбормасликка имкон берадиган оддий бир нарса. Орасида бўшлиғи бор 100 000 шундай бўшлиғи йўқ 100000 дан кўра тушунарлироқ.

Жаҳон амалиётида ҳам пробелга эҳтиёжманд банкнотлар кам эмас, борликка бор. Лекин бу фақат ва фақат дизайнерларнинг нопрофессионаллигидан дарак беради, холос. Бундай иш қилган дизайнернинг иш ҳақини битта ноли йўқ ва пробели ҳам йўқ пул билан тўлаш мумкин.
Бепул шрифт
Сўм дизайнини ишлаб чиқишаётганда ҳатто шрифт масаласида ҳам зиқналик қилишган. Янги бир шрифт ўйлаб топилмаган ёки бирор пулли шрифтни сотиб олишга уриниб ҳам кўрилмаган. Дизайнерлар тинчгина бепул икки шрифт — «Ариал» ва «Мириад Про»дан фойдаланиб қўя қолган.

Бу шрифтларнинг биринчиси билан мен «Ворд»да мана шу мақолани ёздим, иккинчиси эса Adobe компаниясининг энг оммабоп маҳсулотларида кенг қўлланилгани сабабли машҳур. Афтидан, бу шрифтларни улар нейтрал характерда бўлгани, у ҳаммага, хусусан, уёқдагиларга ️☝️ ҳам ёққани учун танлаган бўлишса керак. Боз устига — текин ҳам.

Янги Ўзбекистонга — яна бир янги сўм

Бизда кўринишидан замонавий янги ва қизиқарли пуллар чиқариш имконияти бор эди. Гарчи нимадир «Марказий банк ҳали бу сўмларнинг дизайнини янгилагиси келиб қолади», деб шипшитаётгандек бўлса-да, ҳозирча шу боридан бошқаси йўқ. Келинг, айнан қандай дизайндаги пуллар замонавий ҳисобланишини кўриб чиқсак.
Ноанъанавий
Аввало анъанавий «пул кўриниши»дан қочиш мақсадга мувофиқдир: кўплаб майда деталь ва элементларни олиб ташлаш, дизайннинг марказий, муҳим элементи сифатида фойдаланилаётган портретлар ва меъморий обидаларни минималистикроқ ечимлар билан акс эттириб, енгиллаштириш керак.
Контрастли
Сўмлар дизайнида ҳар бир банкнот учун фақат битта ранг ва унинг тусларидан фойдаланилган, шу боис улар «Монополия» ўйинидаги пулларни эслатиб юборади. Агар нисбатан тўқроқ ранглар ва контраст услубидан фойдаланилса, «пардоз-андоз» борасида пулимиз фақат ютган бўларди.
Футуристик
Норвегиянинг 2017 йилги кроналарини, таъбир жоиз бўлса, энг радикал дизайнга эга купюралар деб айтиш мумкин. Орқа томонида устига майда нақш солинган рангли тўртбурчаклардан фойдаланилган. Бунда пикселлар қуруқлик ва денгиз ўртасидаги чегара ювилиб, қоришиб кетганини англатади.
Қизиқарли усулда чизилган тушунарли суратлар билан
Янги сўмларда барча марказий элементлар металл ўймакорлигини эслатувчи услубда ишланган. Бу услуб банкнотларни бир-бирига янада ўхшаш қилиб қўяди. Рассомлик санъати ва графикада пулларда ўринли кўриниши мумкин бўлган талай бошқа усуллар ҳам бор. Масалан, Франциянинг Тинч океани франкларида ҳимоя вазифасидаги мураккаб нақшлардан фойдаланилмагани ҳолда, анъанавий услубдаги ажойиб суратлар акс эттирилган.
Янги сўмлардаги суратлар шундай хилма-хил қилиш ва тасвирлаш керакки, пулни «кийими»га қараб ҳам фарқлаш мумкин бўлсин. Битта машҳур минора ош билан сомса ҳамда Тошкент телеминорасининг орасида йўқолиб қолмайди. Айниқса, металл ўймакорлиги билан бирга ўзбек миниатюра санъатидан ҳам фойдаланиладиган бўлса.
Оригинал шрифтли
Пул бирлигининг шрифти дизайни — бутун банкнот дизайнидаги энг муҳим нарсалардан бири, чунки у пулнинг қийматини билдирувчи асосий элементдир. Шу боис номинал рақами яхши кўриниши ва тўғри ўқилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу масалани ҳал қилишга ёрдам берадиган кўплаб дизайнерлик ечимлари бор. Аммо функционал юкламадан ташқари дизайнда эстетик талаблар ҳам мавжуд, шуни ҳам унутмаслик керак.

Фикри ожизимча, Австралия банкнотлари — дунёдаги энг яхшиларидан бири. Унинг шрифти дизайни қандай эканини бир кўринг-а!
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.
Матнни Азамат Шамузафаров тайёрлади.
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар муаллиф ва «Газета.uz» нашрига тегишли.
«Газета.uz» ва учинчи шахсларга тегишли бўлган ва www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган фото-, график ва бошқа турдаги материаллардан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг