Тошкент вилояти ҳокимияти «Ҳаёт» итлар бошпанаси учун Чирчиқ шаҳри четидан янги филиал қуришга ер ажратди. Бу ҳақда бошпана асосчиси Ирода Маткаримова маълум қилди.

Аввалроқ «Ҳаёт» маъмурияти маҳаллий ҳокимият томонидан қўллов йўқлиги, моббий маблағ етишмаслиги сабабли ҳайвонларни қабул қилишни тўхтатаётганини эълон қилганди. Ўшанда бошпана эгалари қарзга ботаётгани, янги бошпана қуриши кераклиги, аммо умид қиладиган ҳеч ким йўқлигини баён қилганди.

Маткаримованинг сўзларига кўра, Тошкент вилояти ва Чирчиқ шаҳри ҳокимликлари ҳамда Миллий гвардия «Ҳаёт» муаммолари ҳақидаги хабарга эртаси куниёқ жавоб берган.

«Учрашувда Миллий гвардия, Чирчиқ шаҳар ва вилоят ҳокимликлари вакиллари ҳозирда Тошкент вилоятидаги кўп қаватли турар-жой бинолари, таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларни қишга тайёрлаш бўйича биргаликда иш олиб бораётганликларини айтишди… Бироқ ҳокимлик ходимлари Чирчиқ микрораёнлари бўйлаб сайр қилганларида, бу ҳайвонларни ўзлари кўришди. Бизнинг ёрдам сўраб қилган фарёдимиз сарсари итлар билан бўлган қайғули вазиятнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирди», — деб ёзди у.

Чирчиқ яқинида бошпанага қарийб 2 гектар ер ажратилди, ҳозирда ҳужжатлар тайёрланмоқда, дейилади хабарда. Қурилиш ишларига вилоят ва Чирчиқ ҳокимликлари ҳамда Миллий гвардия томонидан ёрдам кўрсатилиши кутилмоқда.

«Ҳаёт»нинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Миллий гвардия ходимлари панжара қуришга, электр ва сув ўтказишга ёрдам беради, шунингдек, қаровчилар учун уй ташкиллаштириб беради. Январь ойидан бошлаб янги филиалда Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларида «қўлга олинган» ҳайвонларни қабул қилиш режалаштирилган.

«Бу уйсиз ҳайвонлар учун бошпаналар қурилишининг бошланиши бўлади. Ҳа, бу фақат бошланиш, лекин асосийси, биринчи қадамлар қўйилди: ер бор, яқин атрофда дарё бор, сув билан боғлиқ муаммолар бўлмайди, ҳужжатлар топширилди ва филиал қурилиши тез орада бошланади», — дея қўшимча қилди Ирода Маткаримова.