Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳоли учун тарқатилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар қилди Бош прокуратура.

Хусусан, назорат тадбирларида «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Наманган вилоят филиали тасарруфидаги Учқўрғон тумани кўмир омбор мудири У.Н. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 623,7 тонна кўмирни талон-торож қилгани аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши доирасида Учқўрғон тумани кўмир омбор мудири У.Н. процессуал тартибда ушланди. Тергов ҳаракатлари бошланган.

Шунингдек, «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Фарғона вилоят филиали тасарруфидаги Бувайда туман кўмир омбор мудири А.И. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 413,8 млн сўмлик 1364,3 тонна кўмирларни гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, кўмирни нақд пулга сотиб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан омбор мудирига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу шахс процессуал тартибда ушланди. Тергов ҳаракатлари бошланган.