UzAuto Motors компанияси Ўзбекистонда Chevrolet автомобиллари учун шартнома тузиш билан боғлиқ оид бир қанча «тасдиқланмаган ва провокацион материаллар» тарқатилганини маълум қилди.

3 ноябрь куни эрталаб автомобиль ишлаб чиқарувчиси яна автомобиллар сотиб олиш учун шартномалар беришни бошлади. Харидорларга автосалонларда навбатда турмаслик учун онлайн буюртма бериш тавсия қилинди. Орадан бир соат ўтиб, қатор блогерлар ва ОАВ илова ва Telegram боти билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани, дилерлик марказларида катта навбатлар пайдо бўлгани ҳақида хабар беришди.

Худди шу куни Интернетда бир харидор билан бир нечта шартномалар тузилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Эълон қилинган фотосуратдан маълум бўлишича, харидор Д.К. гўёки камида 10 та машинага, шу жумладан тўртта турли комплектациядаги Lacetti автомобилига буюртма берган. Ваҳоланки бу модель шартнома тузиш учун мавжуд бўлган автомобиллар рўйхатида кўрсатилмаган.

UzAuto Motors 3 ноябрь куни ушбу харидор билан Chevrolet автомобилини сотиб олиш бўйича бирорта ҳам шартнома тузилмаганини таъкидлади. Бундан ташқари, компаниянинг қўшимча қилишича, Lacetti автомобилининг фақатгина битта — L-Stile AT Plus модели учун шартномалар мавжуд бўлган.

Компания, шунингдек, ходимлар ёпиқ эшиклар ортида автомобиль сотиб олиш бўйича 50 та шартнома тузган дилерлик дўкони ҳақидаги маълумот юзасидан изоҳ берди. Автомобиль ишлаб чиқарувчисининг хабар беришича, бу ҳодиса ноябрь ойида содир бўлмаган. Видеода келтирилган дилерлик корхонаси контракт тизимидан узилган ва дилерлик корхонаси раҳбариятига нисбатан интизомий чоралар кўрилган, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўтган ой охирида айрим Telegram каналларида шартномалар 30 октябрдан тиклангани ҳақидаги хабарлар тарқалгани, бу эса аҳолининг Chevrolet дилерлик марказларида шартнома очилмасдан аввал сабабсиз тўпланишига олиб келгани қайд этилди.

Автомобиль ишлаб чиқарувчисининг фикрича, бу каби маълумотлар аҳоли ўртасида автомобиль учун шартномалар тузиш билан боғлиқ шов-шувларни кўтариш мақсадида тарқатилмоқда.

Август ойида UzAuto Motors Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo учун шартномаларни қайта тиклади ва кунига 51 мингдан ортиқ шартнома тузилди. Сентябрь ойида бир неча соат ичида яна 28 минг автомобилга шартномалар тарқатилди. Навбатлар 30 октябрь куни ҳам юзага келди, ўшанда автомобиль етказиб бериш қайта бошлангани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлганди.

Октябрь ойи ўрталарида компания ўзининг Chevrolet Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари нархини оширди. Нарх ўртача 5,1% га кўтарилди.