Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари транспорт вазирларининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида имзоланган баённома «Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия» йўналиши бўйича Осиё ва Европа ўртасида халқаро мультимодал коридорни шакллантиришга бағишланган, дея хабар берди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Имзоланган баённомада қуйидаги мақсадлар кўзда тутилган:

  • Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан Европа Иттифоқи мамлакатларигача Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия ҳудудлари орқали юк ташишларни ташкил этиш;
  • рақобатбардош тариф ставкаларини қўллаш ва Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия темир йўлларида юк ташиш учун қулай шароитлар яратиш;
  • йўналиш бўйлаб юк ташишларни ташкил этишда норматив-ҳуқуқий ва техник стандартларни бирхиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш;
  • йўлак иштирокчи-давлатлари ўртасида транспорт соҳасидаги боғлиқликни ошириш.

Аввалроқ ИҲТ мамлакатлари транспорт вазирлари йиғилишида Самарқанд аэропортига ИҲТ мамлакатлари транспорт хаби мақоми берилганини хабар қилгандик.