Ўзбекистон БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн доллар ажратди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш аввалида маълум қилди.

«Маълумки, Исроил армияси ва Хамас ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда. Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда», — деди президент.

Давлат раҳбари Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига таъзия ва ҳамдардлик изҳор этди.

«Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдам ва унинг БМТ Бош ассамблеяси ҳамда Хавфсизлик кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз», — деди давлат раҳбари.

Шу ўринда, Мирзиёев, барчага, аввало, ёшларга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақирди.