Болаларнинг «Док-1 Макс» препаратини истеъмол қилиши оқибатида ҳалок бўлгани иши бўйича навбатдаги суд мажлисида Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, профессор Маматқул Азизов гувоҳ сифатида иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган 15 нафар бола ҳалок бўлгани ҳақида ОАВ ва жамоатчилик дастлаб Маматқул Азизовнинг Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига йўллаган хатидан хабар топган эди. Унинг нусхаси 22 декабрь куни интернетда пайдо бўлди. 2022 йил декабрь ойи охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош шифокор ишдан бўшатилганини эълон қилди, бироқ икки ҳафта ўтиб профессор ишига қайта тикланди.

Бош врачнинг таъкидлашича, 2022 йил давомида болалар тиббиёт пунктига ўткир буйрак етишмовчилиги билан 52 нафар бола ётқизилган. Сентябрь ойидан эса улар сони ортишни бошлаган ва шифокорлар сабабни аниқлаш учун текширишга киришган. Текширув натижаларига кўра, улар асосий сабаб «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиш оқибатида бўлиши мумкин деган хулосага келишган.

«14 декабрь куни биз „Док-1 Макс“ болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги ривожланишига сабаб бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик. Шу боис, 15 декабрь куни вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига дори воситаларини тарқатишни тўхтатиш ҳақида хабар бердик. 22 декабрь куни комиссия келиб, 25 декабрь куни тўртта лабораторияда дори воситаларининг кимёвий таҳлилини ўтказди ва „Док-1 Макс“ таркибида кучли зарарли заҳар борлигини аниқлади», — деди Маматқул Азизов воқеалар хронологиясини тиклар экан.

2022 йилнинг уч ойи давомида тиббиёт марказида 2019−2021 йилларда туғилган 18 нафар бола доридан заҳарланиш гумони билан вафот этган. Сўров давомида вафот этган ва тузалиб кетган беморларнинг ота-оналари фарзандларига «Док-1 Макс» сиропини берганларини тасдиқлашган.

Профессорнинг таъкидлашича, болаларнинг соғайиб кетиши тўғридан-тўғри тиббий муассасага қайси куни ётқизилганига боғлиқ. «Агар болалар анурия белгилари пайдо бўлган (сийдик пуфагига сийдик тушиши тўлиқ тўхтаб қолиши — таҳр.) биринчи ёки иккинчи кунида ётқизилган бўлса, уларнинг клиник манзараси 3−8-кунларда қабул қилинган болаларникига қараганда яхшироқ ўтган. Анурия билан улғайиб бораётган боланинг танасида ҳосил бўладиган шлаклар барча ҳаётий аъзолар, жумладан, юрак, мия, суяк илиги, жигар ва ҳоказоларга таъсир қилади», — деди Азизов.

Кичик ёшдаги болаларда заҳарланиш оғир кечди. Бош шифокор буни алкоголни қайта ишлаш учун организмда ҳосил бўладиган алкогольдегидрогеназ ферментининг ҳосил бўлиш тезлиги билан боғлади. Бу ҳолатда эса — ўзида икки атомли спиртни мужассам этувчи заҳарли этиленгликоль ҳосил бўлади.

«Агар болалар организмида алкогольдегидрогеназ ферменти пайдо бўлган бўлса, у этиленгликолни тезда парчалаб ташлаган ва буйрак тўқималарига таъсир қилишга улгурмаган. Ёш болаларда ушбу фермент контцентрацияси паст бўлса, у этиленгликолни парчалашга улгурмаган, бу эса кўпинча буйрак етишмовчилигига олиб келган», — дея тушунтирди профессор.

док-1 макс, маматқул азизов, суд

Суд мажлисида судланувчилардан бирининг ҳимоячиси «Док-1 Макс»дан фойдаланиш бўйича кўрсатмаларга кўра, икки ёшгача бўлган болаларга препаратни қабул қилиш тақиқланганлигини таъкидлади. Азизов мазкур саволни «бу дорини берганларга» бериш кераклигини айтди.

«Биз бу дорини сотиб олмаганмиз, ҳеч кимга тавсия қилмаганмиз», — деди бош шифокор.

Азизовнинг таъкидлашича, Самарқанд тиббиёт марказида кўрикдан ўтган болалар «Док-1 Макс» препаратини шифокор кўрсатмасига кўра қабул қилмаган.

«Иштихон туманидаги болани даволаган шифокор билан суҳбатлашдик. У бизга болага парацетамол ёзиб берганини айтди. Отаси дорихонага борган ва фармацевт: „Мана яхши дори. Шуни олинг“, деб парацетамол ўрнига „Док-1 Макс“ берган», — деди Маматқул Азизов.

Айбланувчилардан бирининг ҳимояси тадқиқотни ўтказган шифокорлар «Док-1 Макс»дан ташқари, болалар антибиотиклар ёки бошқа дориларни ҳам қабул қилган ҳолатлар ҳақида билишлари билан қизиқди.

«Тасдиқланган кўрсатмани ўқиб чиқсам бўладими? «Ён таъсирлар» ва «Дори воситаларининг ўзаро таъсири» мавжуд. Бу шуни англатадики, «Док-1 Макс»ни «Циметидин» ва «Фенотиазин» билан эҳтиёт бўлиб қабул қилиш керак, МАО ингибатори ва антидепрессантлар билан бир вақтда фойдаланишдан эса бутунлай қочиш лозим. Айтингчи, сиз ота-оналардан фарзандларига таркибида ушбу [дорилар] бўлган дори-дармонларни берган-бермаганлигини аниқлаштирдингизми?» — деб сўради адвокат.

Бош шифокор салбий жавоб берди ва бу дори-дармонлар педиатрия амалиётида қўлланилмаслигини таъкидлади.

Айбланувчилардан бирининг ҳимоячиси, шунингдек, «Док-1 Макс» сиропи дозасини ошириб юбориш ҳолатлари аниқланганми ёки йўқми, шифокорлар ота-оналардан дорини фарзандларига қандай дозада берганликларини сўрашганми, деб сўради.

«Нега мен бу саволни беряпман? Чунки тузалиб кетган болалар бор. Ўлган болалар бор. Кўпгина ёш болалар бор, уларнинг ота-оналари кўрсатмаларга қарамай, дори берган. Бу ота-оналар дозага риоя қилганми ёки йўқми, бу ҳам саҳна ортида қолган катта, жуда муҳим савол», — дея тушунтирди адвокат.

Бош шифокор, бу ҳолатда энг муҳими, бола танасининг алкогольдегидрогеназ ферментини ажратиш қобилиятидир, деб жавоб берди. «Агар организм етарли миқдорда алкогольдегидрогеназ ферментини ишлаб чиққан бўлса, бу болалар ўлмаган. Уларда бу спирт (этиленгликоль — таҳр.) парчаланиб кетган, препаратнинг нефротоксик таъсири кузатилмаган. Бу препаратни қўллаган ва тузалиб кетган болалар кўп эди. Буйрак етишмовчилиги кўринишлари йўқ», — деди Азизов.

Адвокатнинг сўзларига кўра, гувоҳлардан бири аввалроқ этиленгликолга қарши дори борлигини айтгани ва нима учун шифокорлар уни болаларга қўлламаганини сўради.

«Қўлланма бўйича „Док-1 Макс“ таркибида этиленгликоль мавжуд эмас. Таркибида кўрсатилмаган бўлса, этиленгликоль антидотини қандай қилиб қабул қилишимиз мумкин? Қўлланмага кўра, ушбу препарат пропиленгликолни ўз ичига олади. Бу заҳарли маҳсулот эмас», — дейди Маматқул Азизов.

Кейин адвокат шифокорлар «Док-1 Макс» ўткир буйрак етишмовчилигининг сабаби бўлиши мумкинлигини аниқлаганидан кейин нима учун болаларни даволашда антидот ишлатилмаганини сўради.

Профессор ўткир буйрак етишмовчилиги билан марказга ётқизилган барча болалар тегишли протокол бўйича даволанганини айтди.

«Болалардаги ўткир буйрак етишмовчилигини даволашнинг идеал усули нафақат гемодиализ муолажасидир. Болаларга даволаш стандарти бўйича инфузион терапия ва гемодиализ ўтказилди», — деди бош врач. Унинг сўзларига кўра, даволаниш усулларини ўзгартиришга ҳожат йўқ эди.