Ўзбекистон Россия билан газ соҳасидаги ҳамкорликни узоқ муддатда ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 ноябрь куни Санкт-Петербург халқаро газ форумида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг йиллик ўсиши деярли 1 миллион кишини ташкил этади, иқтисодиёт эса қарийб 6 фоизга ўсмоқда, бу эса энергия истеъмолини камида 10−15 фоизга оширади.

«Сўнгги олти йил ичида электр энергияси истеъмоли 40 фоизга ошди ва 2030 йилгача ҳам худди шундай суръатда ўсишни кутмоқдамиз. Табиийки, савол туғилади, буни қандай таъминлаш керак? Дарҳақиқат, биз газ қазиб олувчи давлатмиз, авваллари [газни] соф экспортчиси бўлганмиз, аммо ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини таъминлаш учун табиий газни импорт қилишга мажбурмиз», — деди у.

Ўзбекистон газни Туркманистондан, 7 октябрдан эса Россиядан импорт қилмоқда.

«Биз бу билангина тўхтаб қолмаслик ниятидамиз. Бу ҳамкорликни узоқ муддатга ривожлантириш ниятидамиз. Қайта тикланадиган энергияни жорий этиш бўйича жуда катта режаларимиз, хусусан, қуёш ва шамол энергияси улушини кўпайтириш, [янги энергия] сақлаш тизимларини яратиш, гидроэнергетика устида ишлаш кабилар борлигига қарамай газдан воз кечмаймиз. Ҳозирда электр энергиясининг 75 фоизи газдан фойдаланиб ишлаб чиқарилмоқда», — деди вазир.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш таркибида газ улуши қисқаради, «лекин электр энергияси истеъмолининг умумий кўрсаткичларда ўсиши ҳисобга олинса, у ўзгармайди».

«Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида янги ишлаб чиқариш қувватлари билан бир қаторда газ учун ҳам янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этмоқдамиз. Жорий йилнинг ўзида биз 1,5 ГВт қувватга эга янги буғ-газ станцияларини ишга туширмоқдамиз… Умумий ишлаб чиқаришда табиий газ истеъмоли даражасини сақлаб қолган ҳолда, газ ишлаб чиқариш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришни қарийб икки баравар оширишни режалаштирганмиз. Яъни, табиий газ керак, биз бу йўналишда ишлашда давом этамиз», — деди у.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия газ-кимё соҳасида газни қайта ишлашни 2−3 баробарга ошириш ниятида, деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Форум доирасида Жўрабек Мирзамаҳмудов журналистларга Ўзбекистон «Газпром» билан Россиядан газ етказиб беришнинг келажакдаги ҳажмини, асосан куз-қиш мавсумининг энг юқори чўққисига тўғри келишини муҳокама қилаётганини айтди. Аввалроқ у Россиядан 300 миллион куб метрга яқин газ етказиб берилганини маълум қилганди.

«Газпром» раҳбари Алексей Миллернинг айтишича, 2024-йил ўрталарига қадар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 15 йилга газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик соҳасида мажбуриятларни белгилашни режалаштирмоқда. Компания ушбу мамлакатлардаги бошқа газ қувурлари тизимларидан фойдаланишга тайёрлигини билдирди.