Ўзбекистон Марказий банки «Пойтахт банк» сотилаётгани сабаб унинг фаолиятига устав капитали етарли эмаслиги юзасидан чекловлар киритмади. Бу ҳақда 26 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент ҳокимлигига қарашли банк сотувга қўйилган ва ҳозирда «айрим стратегик инвесторлар» билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Биз уни эртага сотиб юборадиган бўлсак, шаҳар ҳокимлиги у ерга 100 млрд дан камроқ маблағ киритишидан нима маъно? Шу позициядан келиб чиқиб, биз бу банкка нисбатан мазкур талабни (1 сентябрдан бошлаб банкларнинг устав капитали камида 200 млрд сўм бўлиши керак — таҳр.) киритмадик», — дея тушунтирди Нурмуратов.

Марказий банк раҳбари 1 октябрь ҳолатига кўра «Пойтахт банк», Hayot Bank, Yangi Bank ва AVO Bank (собиқ «Ўзагроэкспортбанк») устав капитали минимал талабларга жавоб бермаслигини тасдиқлади.

«Бу уч банкда („Пойтахт банк“, Hayot Bank, Yangi Bank) маълум муаммолар бор эди. Улар октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида акциядорлардан [устав капиталига] қўшимча инвестициялар келиши ҳақида мажбурият олганини ёзма шаклда тасдиқлади, шунинг учун улар нормал фаолият олиб боришни бошлади», — деди у.

Регулятор аввалроқ устав капиталини талаб қилинган даражага — 200 млрд сўмга етказмагани учун AVO Bank`га кредитлаш ва бошқа харажатларни молиялаштириш ҳамда депозит операцияларини амалга оширишни тақиқлаб қўйганди. Чунки банк устав капиталини керакли даражага етказишга «кафолат бермаган». «Шунинг учун ушбу банкнинг барча актив ва пассив операциялари ҳалигача ёпиқ», — деди Мамаризо Нурмуратов.

«Пойтахт банк» 2018 йил охиридан ўз фаолиятини бошлаган. Унинг асосий вазифалари аҳоли ва юридик шахсларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришда ипотека кредити ва банк хизматларини кўрсатиш, шунингдек, арзон кўп қаватли уйлар қураётган пудратчиларга кредитлар беришдан иборат.

Банк 2021 йилнинг май ойида сотувга қўйилган. Россиянинг «Экспобанк»и «Пойтахт банк»ни хусусийлаштиришни режалаштирилаётгани хабар қилинганди.