Академик Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи 2400 дан ортиқ турдаги ўсимликларнинг ноёб коллекциясига эга Ўзбекистондаги ягона илмий объект ҳисобланади. Марказий Осиё минтақасида энг қадимги ҳисобланувчи ушбу табиий ҳудудга 1943 йилда асос солинган. 10 йилдан ортиқ вақт давомида у алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомига эга бўлган 88 гектарлик майдонда илмий-тадқиқот институти сифатида фаолият юритган. Бироқ, 2005 йилда тирик ботаника коллекцияси — табиий ҳисобланмайди, деган баҳона билан у муҳофаза қилинадиган объектлар рўйхатидан чиқарилган.

Сўнгги йилларда табиатнинг ушбу ёдгорлиги оғир кунларни бошдан кечирмоқда — унга мунтазам равишда «эгаллаб олиш» таҳдиди хавф солиб туради. 66 гектарлик «ёғликкина» ҳудуд тижорат мақсадларида фойдаланиш учун кўриб чиқилмоқда. 2021 йилнинг февралида Тошкент ҳокимлиги боғ ҳудудида ресторанлар, спорт ва болалар майдончалари, саргузаштлар майдони, велосипед ижараси пунктларини жойлаштириш орқали уни «ободонлаштириш»ни таклиф қилган эди.

2023 йил октябри бошида мазкур муассаса маданият ва истироҳат боғига айлантириш мақсадида шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Боғ ходимлари, Фанлар академияси, Экология вазирлиги, Экологик партия, шунингдек, бир қатор бошқа давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти вакиллари шаҳар «ўпкалари» тақдиридан ўз хавотирларини билдирди. Кўп ўтмай Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент Ботаника боғи ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилиши кўзда тутилган «истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари» бўйсунувига ўтказилмаслигини маълум қилди.

Бироқ, ботаника боғлари аслида нима учун керак, улар фойда келтира оладими ва уларда қандай кўнгилочар тадбирларга йўл қўйилиши мумкин? Бу ҳақда «Газета.uz» Тошкент ботаника боғи собиқ дендрологи Абдусалом Норматов ва Самарқандда ўзининг ботаника боғини яратиш устида ишлаётган Lavenderfarm номли лаванда фермер хўжалиги эгаси Сервер Османов билан суҳбатлашди.

Тошкент ботаника боғи қандай ташкил этилган ва ташкил этилганидан буён қандай фаолият билан шуғулланган?

Абдусалом Норматов: Тошкент Ботаника боғида илк дарахт ва буталар 1950 йилда экила бошланган. Табиий ҳудуднинг майдони 88 гектарни ташкил этган. У ерга жуда кўп сонли манзарали, мевали, доривор ва ўрмон ўсимликлари, жумладан, ноёб ва Қизил китобга киритилган турлар олиб келинган. Бутун бошли табиий ҳудуд географик жиҳатдан бешта ҳудудга бўлинган, боғдаги ўсимликлар намуналарнинг аксарияти эса бевосита уларнинг ватани ҳисобланган мамлакатлардан келтирилган. Коллекция академик Фёдор Николаевич Русанов бошчилигидаги олимлар жамоаси томонидан шакллантирилган.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Ботаника боғи ташкил этилганидан бошлаб ўзининг бутун фаолияти давомида асосан интродукция қилиш (ўсимликларни «маҳаллийлаштириш» — таҳр.) билан шуғулланган — ходимлар денгизорти мамлакатлардан келтирилган дарахтларни Ўзбекистоннинг қурғоқчил иқлими кескин шароитларига «ўргатишган». Тажриба сифатида янги навлар маҳаллий муҳитга олиб кирилади, яшаб қолиш, ўсиш ва бошқа кўрсаткичлари натижалари ўрганилади. Агар ўсимлик яшаб кетса ва янги шароитда ўзини яхши ҳис қилса, у хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун юборилади, акс ҳолда флоранинг ушбу вакили фақат боғ коллекциясидан жой олади.

Олимлар, шунингдек, тизимлаштириш (ўсимликларни умумий хусусиятларига кўра, масалан, келиб чиқиш жойларига кўра ажратиш ва таснифлаш), ўсимликларни ўстириш ва етиштириш устида фаол иш олиб борган. Бой ботаника коллекцияси шарофати билан дарахт ва буталарнинг кўплаб навларини шаҳар ҳудуди иқлимига мослаштириш ва жорий этиш имкони туғилди. Тошкентнинг илк кўкаламзорлаштирилган кўриниши — Ботаника боғи ботаник олимларининг хизматларидир. Ўсимликларни нафақат пойтахтда, балки бутун республика бўйлаб тарқатиш ва маҳаллий дендрофлоранинг хилма-хиллигини таъминлашга эришилди.

Дунёда ботаника боғларининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Абдусалом Норматов: Бугунги кунда дунёда турли-туман ботаника боғлари фаолият юритади. Уларда асосий диққат-эътибор илмий тадқиқот ва маданий-маърифий ишларга қаратилади. Аксариятининг фаолияти бизнинг Ботаника боғимизникига ўхшаш, бироқ алоҳида мақсадларга мўлжалланган табиий объектлар мавжуд. Масалан, Англиядаги Alnwick Poison ботаника боғида заҳарли ва гиёҳвандлик хусусиятига эга ўсимликлар ўстирилади. Бу дунёдаги энг хавфли боғ ҳисобланади ҳамда у ерга гидсиз ва ҳимоя костьюмисиз кириш қатъиян тақиқланган.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Фото: Great Big Story / Youtube.

Ботаника боғлари ўз турига кўра ўсимликларни ўрганиш, коллекция қилиш, интродукция қилиш, кўпайтириш, селекция қилиш, оммалаштириш, ҳужжатлаштириш, муҳофаза қилиш, шунингдек, экология бўйича таълим ва аҳолини маҳаллий флора билан таништириш билан шуғулланиши мумкин. Классик муассасалар барча мақсад ва вазифаларни қамраб олади ҳамда уларга давлат томонидан ҳомийлик қилинади. Декоратив, тарихий, тематик ва бошқа турдаги боғлар муайян функцияларни бажаради, масалан, доривор ўсимликларга ихтисослашади ёки фақат ўз минтақаси флорасини кўпайтиради. Улар маҳаллий ҳокимият тасарруфидаги ёки хусусий объектлар бўлиши мумкин.

Классик турдаги боғларга мисол — Кью Қироллик Ботаника боғлари. Бу нафақат ботаника боғлари, оранжереялар ва иссиқхоналар мажмуаси, балки муҳим илмий-тадқиқот маркази ҳамдир. 120 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Кью боғларида дунёдаги энг йирик ботаника коллекциясини меъморий тузилмалар ва диққатга сазовор жойлар ўраб туради.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Кью Қироллик ботаника боғлари. Фото: kewgardens / Instagram.

Боғнинг илмий ходимлари жамоаси 250 нафардан ортиқ, унинг коллекцияси эса 30 минг навдан иборат. Боғнинг флораси ҳар йили янгиланади ва янги турлар билан тўлдирилади. Боғ олимлари неча йиллардан буён бизнинг чўлларимизда учратиш мумкин бўлган саксовулни етиштиришга уриниб келади.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Рио-де-Жанейро ботаника боғи. Фото: Instituto de Pesquisas Jardim Botânico do Rio de Janeir / Flickr.

Гўзаллик ва софлик борасида Рио-де-Жанейродаги ботаника боғи алоҳида ўрин тутади. 140 гектарлик яшил майдонда мустаҳкам меъморий шакллар табиатнинг ёввойилиги, ранг-баранг гуллар мозаикаси, шунингдек, оддий шаклдаги дарахт ва буталар билан контраст ҳосил қилади. Боғ коллекциясидан етти мингга яқин ўсимлик ўрин олган бўлиб, фақат палма дарахтининг ўзидан 900 дан ортиқ тур мавжуд. Ичкарида нафақат флора вакилларини, балки экзотик ҳайвонларни ҳам учратиш мумкин. Рио-де-Жанейро ботаника боғи ЮНЕСКО томонидан биосфера қўриқхонаси сифатида тан олинган.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Сингапур Миллий орхидея боғидаги турналар фаввораси. Фото: Singapore Botanic Gardens / Instagram.

Сингапур ботаника боғи — илмий объект замонавий воқеликда қандай кўринишга эга бўлиши мумкинлигига мисол бўла олади. Ушбу ноёб табиий мажмуа ҳудудида орхидеяларнинг дунёдаги энг катта коллекцияси жойлашган Миллий орхидея боғи ташкил этилган. Уч гектаргина бўлган майдонда 60 мингдан ортиқ тур ўсади. Футуристик услубда безатилган ушбу экзотик оазис 150 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келади ва ўзининг ботаник хилма-хиллиги билан ташриф буюрувчиларнинг вақтини чоғ қилади.

Ботаника боғлари қандай маблағлар эвазига фаолият юритади ва уларнинг фаолиятини тижоратлаштириш имкони борми?

Сервер Османов: Дунёдаги деярли барча ботаника боғлари, хусусий муассасалар бундан мустасно, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Молиялаштириш 50 фоиз дан 100 фоизгача бўлган миқдорда ажратилиши мумкин. Масалан, Миссури ботаника боғининг йиллик бюджети 500 мингдан 10 миллион долларгача бўлган суммани ташкил этади. Қолган сумма кириш чипталаридан тушган тушум, ҳомийлик ва грант маблағлари ҳисобидан қопланади. Бундан ташқари, ботаника боғлари ўсимликларни сотиш, гуруҳ экскурсиялари ўтказиш, фотосессиялар ва мавзулаштирилган тадбирларни ташкил этиш орқали даромад қилишлари мумкин.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Миссури ботаника боғи. Фото: Missouri Botanical Garden / Instagram.

Бироқ, шуни тушуниш керакки, ботаника боғи — бу ишлаб чиқариш ташкилоти эмас ва, бунинг устига, тижорий мақсадларни кўзламайди. Унда биологик хилма-хилликни сақлаш, янги билимларни яратиш, ёш авлодни экологик ва эстетик тарбиялаш каби жамият учун стратегик ҳисобланувчи масалалар ҳал этилади. Ботаника боғлари фаолият юритиш учун даромад қилишга мажбур эмас.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Миссури ботаника боғи. Фото: Missouri Botanical Garden / Instagram.

2004 йилда Тошкент ботаника боғи алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомидан маҳрум этилди. Ушбу мақом нимани англатади ва у илмий объектни қай даражада ҳимоя қилади?

Абдусалом Норматов: Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар — бу ерлар ва сув кенгликларининг устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик қисмларидир. Унинг вазифаларига нафақат ҳудудни мақсад-муддаосига зид бўлган фаолиятдан ҳимоя қилиш, балки табиатни муҳофаза қилишга қаратилган дастурлар учун қўшимча маблағларни жалб қилиш ҳам киради. Алоҳида мақом табиий объектларга биохилма-хилликни сақлаш, экологик мувозанатни таъминлаш ва шикастланган табиий мажмуаларни тиклаш мақсадларида берилади. Аксарият ҳолларда улар давлат мулки ҳисобланиб, давлат томонидан сақланади ва муҳофаза қилинади. Уларни ҳақли равишда мамлакат бойлиги деб аташ мумкин.

«Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, уларга қуйидаги табиий объектлар киради:

  • қўриқхоналар;
  • миллий табиат боғлари;
  • буюртма қўриқхоналари;
  • табиат ёдгорликлари;
  • сувни муҳофаза қилиш ва рекреация ҳудудлари;
  • нодир ва қимматли фойдали қазилмалар конлари;
  • дендрологик боғлар ва ботаника боғлари;
  • ҳайвонот боғлари ва балиқчилик ҳудудлари;
  • курорт табиий ҳудудлари ва бошқалар.

Мен хорижда бўлган деярли барча ботаника боғлари алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомига эга, чунки уларнинг ҳудудида ноёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар ўстирилади. Бироқ, мақоми бўлмаган тақдирда ҳам илмий объектлар таҳдид остида қолмайди — у хоҳ давлат мулки бўлсин, хоҳ хусусий — ҳурмат қилинади ва унга тегилмайди. Одамлар уларнинг аҳамиятини тушунади ва нафақат ўз мамлакатларида, балки бутун дунёда атроф-муҳитни ривожлантириш учун тўлиқ масъулиятни англайди. Шу тариқа, ботаника боғлари ўзини «ҳимояланган» ҳис қилади.

Бизда эса, Тошкент ботаника боғи ҳақида гап кетганда, «алоҳида муҳофаза этиладиган» сўзи шунчаки қоғоздан иборат. Боғнинг мақомини тиклаш ва Ботаника боғларининг халқаро ташкилотларига аъзо бўлиш ҳам вазиятни ўзгартирмайди.

Бошқа мамлакатлардаги ботаника боғларига ташриф буюриш тартиби ва қоидалари қандай?

Абдусалом Норматов: 1950-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Тошкент Ботаника боғи фақат илмий хусусиятга эга бўлиб, бутунлай ёпиқ муассаса айланган. Машиналарнинг боғ ҳудудига кириши тақиқланган, ҳеч ким учун истисно қилинмаган. Ташриф буюрувчилар табиий ҳудудга фақат гид ҳамроҳлигида киришларига рухсат этилган.

1990-йилларда Ботаника боғи молиявий жиҳатдан ўз-ўзини таъминлашга ўтди, бу эса уни сақлаш ва ходимларнинг иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ қийинчиликларни келтириб чиқарди. Илмий муассаса ташриф буюрувчилар учун ўз дарвозаларини очишга мажбур бўлди. Кириш жойида ташриф буюриш қоидалари ёзилган белги осиб қўйилди, бироқ кўпчилик бугунги кунга қадар уларга эътибор бермайди.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Батуми ботаника боғи.

Ташриф буюрувчилар кўпинча чиқинди уюмларини қолдириб кетади, боғ ходимлари эса уларни тозалашига тўғри келади. Назорат мавжуд эмаслиги туфайли одамлар гуллар ёки меваларни узиб, териб олади ва кўргазмали ўсимликлардан гербарийлар ясайдилар, ўзлари билан олиб кетиш учун новдаларни кесиб ёки синдириб олади, дарахтларнинг танасига ўз исмлари бош ҳарфларини ўйиб, зарар етказади, йўлакларни оёқости қилади ва ердаги белгиларни йиртиб юборади. Бундай хулқ-атвор ботаника коллекциялари учун сезиларли хавф туғдиради, чунки одамлар кўпинча битта ўсимликни ўстириш учун қанча вақт талаб этилишини тушунмайди.

Гидлардан бири тепаликдаги писта дарахтлари тилакларни амалга оширади, деган гап тарқатибди. Ўшандан бери уларнинг шохларига тасма боғлаш анъанаси пайдо бўлди. Аслида тепаликнинг ўзи боғ ландшафтини шакллантириш жараёнида юзага келган. Қазиб олинган тупроқни нима қилишни билишмаган ва бир жойга йиғиб, уйиб қўйишган. Тепалик ташқи кўринишидан ландшафтга жуда мос тушди, унга тоғ ёнбағирлари ва этакларида ўсадиган писта дарахтлари экилди. Улар тилакларни амалга оширмайди, бахт ва муҳаббат олиб келмайди. Бироқ, анъананинг ўзи ўсимликларда моддалар алмашинувига путур етказмоқда.

Мен Россия, Озарбайжон ва Туркиядаги бир нечта ботаника боғларида бўлганман. Ташриф буюрувчилар улар учун белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилади, чиқинди ташламайди ёки ўсимликларга шикаст етказмайди. Экскурсиялар чекланган миқдордаги одамлар иштирокида ташкил этилади. Қоидабузарлар жаримага тортилади ёки ҳудудни тарк этишлари сўралади. Ботаника боғларида велосипед ёки самокатларда ҳаракатланишмайди. Майдони катта бўлишига қарамай, барча ташриф буюрувчилар боғ бўйлаб пиёда юришади. Кафелар ва дўконлар ҳам кам учрайди, мавжуд бўлган тақдирда ҳам, улар қимматбаҳо ўсимликлар ўстириладиган ҳудуддан ташқарида жойлашган.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Сервер Османов: Ботаника боғлари коллекциясини сақлашнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — ташриф буюриш қоидаларидир. Улар билан муассаса ҳудуди ёки интернет саҳифасида танишиш мумкин. Улар барча мамлакатларда тахминан бир хил:

  • Ташриф буюрувчилар томонидан ўсимлик ресурсларига зарар етказиш, кесиш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади ва қатъий назорат қилинади;
  • Ўсимлик дунёси тинчини бузадиган ҳар қандай фаолият тақиқланади, яъни тадбирлар, байрамлар, туристик учрашувлар ва, айниқса, кириш имтиҳонлари ўтказилишига йўл қўйилмайди;
  • Боғ ҳудудида уй ҳайвонлари билан ва спиртли ичимликлар/гиёҳванд моддалар таъсирида сайр қилиш қатъиян ман этилади;
  • Шунингдек, ботаника боғидаги сув ҳавзаларида чўмилиш, чиқинди ташлаш, очиқ оловдан фойдаланиш, транспорт воситаларини ҳайдаш ва ювиш тақиқланади.

Қоидаларга риоя қилмаслик ўсимликларнинг касалланиши ёки ҳатто нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.

Кейинги йилларда Тошкент Ботаника боғи байрам ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган масканга айланди. Оммавий сайрлар илмий объектнинг флора ва фаунасига қандай таъсир қилмоқда?

Абдусалом Норматов: Ботаника боғи тартиб-қоидалари ва меъёрларига мос келмайдиган барча тадбирлар тақиқланиши лозим. Улар боғнинг инфратузилмасига катта зарар етказади. Масалан, боғнинг марказида саҳна қурилишидан олдин, у ерда дренаж кўли бўлган. Ўсимликларни суғориш вақтида ер ости сувлари кўтарилади, улар йиғилиб, ана шу чуқурни тўлдиради ва шу билан тупроқдаги сув мувозанати сақланади.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Шаҳар ҳокимияти боғда кўп сонли одамлар иштирокидаги байрам тадбирларини тобора кўпроқ ўтказмоқда. Бунинг учун у ерга қандайдир безаклар, техникалар, мебеллар олиб келинади ёки бутун бошли конструкциялар жойлаштирилади. Ташиш пайтида ўсимликларга шикаст етказилиши мумкин, бу декорациялар эса уларнинг табиий яшаш жойларига путур етказади.

Ташриф буюрувчилар кўп сонли бўлгани учун уларнинг ҳар бирини назорат қилиш имконсиз. Натижада, улар майсаларни оёқости қилади, шохларни синдиради ва ўйлаб ўтирмасдан гулларни узиб олади. Одамларнинг катта оқими ва баланд товушлар қушларни чўчитиб юборади. Минтақамиз учун одатий бўлмаган қушлар ҳудудни тарк этиб, ин қуриш ва қишлаш учун бошқа жой қидирмоқда. Уларнинг йўқлиги боғ экотизимига салбий таъсир қилади, чунки улар ҳашаротларга қарши курашиш ва ўсимлик уруғларини тарқатишда муҳим рол ўйнайди.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Боғда йирик оқимдаги одамлар ташрифига мўлжалланган тегишли инфратузилма пайдо бўлгандагина, оммавий ташриф ҳақида ўйлаш мумкин бўлади. Ташриф буюрувчилар ходимлар томонидан кўп йиллар давомида эҳтиёткорлик ва машаққат билан етиштирилган ўсимликларга зарар етказишларига йўл қўйиб бермаслик керак.

Ботаника боғларида ўсимликларга зарар етказмаган ҳолда қандай тадбирлар ўтказиш мумкин?

Сервер Османов: Шубҳасиз, ботаника боғига одамлар — улар хоҳ ташриф буюрувчи, хоҳ талаба, хоҳ амалиётчилар бўлсин — керак. Боғларда, илмий объект қонунларига зид бўлмаган тақдирда, тижорий фаолият ҳам истисно қилинмайди. Хорижда ҳудуддан қандай қилиб инфратузилмага зарар етказмаган ҳолда фойдаланиш мумкинлигига оид яққол мисоллар мавжуд. Тверь давлат университетининг ботаника боғида йога машғулотлари, болалар учун маҳорат дарслари, китобхонлик клублари, шеърият кечалари, чой маросимлари, баҳорда гуллар кўргазмалари ва кузда хазонрезги-бали ўтказилади.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Нью-Йорк ботаника боғида Хеллоун байрами арафасидаги маҳорат дарси. Фото: New York Botanical Garden / Instagram.

Қимматбаҳо биологик объектлар ва ландшафт композицияларининг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган тижорий ва кўнгилочар инфратузилмани ривожлантириш фаолиятини чеклаш муҳим аҳамиятга эга. Барча тадбирлар қатъиян ботаника боғининг асосий мақсад-вазифаларига — илмий, ўқув, маърифий фаолиятга мувофиқ амалга оширилиши лозим. Хордиқ чиқариш, қоида тариқасида, муассаса фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилиши ва фақат ходимларнинг рухсати билан амалга оширилиши зарур.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Пхукет ботаника боғидаги кактуслар, Таиланд.

2021 йилда Тошкент Ботаника боғи Халқаро ботаника боғлари ассоциациясининг аъзосига айланди. Ушбу ташкилот нима билан шуғулланади ва илмий объектни ривожлантиришда қандай ёрдам бериши мумкин?

Сервер Османов: Бу ботаника боғлари, дендрарийлар ва шунга ўхшаш муассасалар ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи бутунжаҳон ташкилоти бўлиб, уларнинг мақсади — тирик ўсимликларни сақлаш. Ассоциация ўсимликлар дунёси ва уларнинг яшаш муҳитларини ўрганиш, сақлаш ва интродукция қилишда фаол иштирок этади. Ташкилотга 3000 дан ортиқ ботаника боғлари аъзо бўлиб, тажриба алмашади ҳамда ўз минтақасида ўсимликларни интродукция қилиш ва тарқатиш бўйича технологияларни ишлаб чиқади.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Батуми ботаника боғи.

Ташкилотга аъзо бўлиш учун ботаника коллекциясини ҳужжатлаштириш, халқаро уруғлик алмашинувларида доимий равишда иштирок этиш ва ўсимликларни сақлаш бўйича глобал стратегияни қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Бунинг эвазига сиз барча маълумотлар базаларига кириш ҳуқуқига, бошқа муассасалар билан маълумот ва ўсимликларни алмашиш имкониятига эга бўласиз, ахборот-мувофиқлаштириш бўйича кўмак оласиз. Ассоциация ҳар йили олимларга глобал тадқиқотлар ўтказиш учун грантлар ажратади.

Тошкент ботаника боғининг Ассоциация кенгашига аъзолиги унинг илмий салоҳиятини ривожлантириш ва оширишга туртки беради.

Тошкент ботаника боғининг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

Абдусалом Норматов: Мен ботаника боғига сўнгги марта шу йил май ойининг охирида бордим ва бошқа у ерга қайтишни хоҳламайман. Унинг ҳолатини 10 баллик шкалада учга баҳолаган бўлардим. Табиий объект аста-секинлик билан эскирмоқда.

Русанов даврида боғ гуллаб-яшнаган ва дунёдаги энг яхши ботаника боғлари ўнталигидан жой олган. Раҳбарият хориждаги бошқа илмий ташкилотлар ва ботаника боғлари билан ҳамкорлик қилган, натижада олимлар ўзаро тажриба ва уруғ алмашган. Ходимлар илмий ишлар ёзган ва амалиётчилар билан маърифий ишлар олиб борган. Тошкент ботаника боғи ҳар йили хорижлик ҳамкорларга 10 мингдан ортиқ уруғлик етказиб берган.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

1990-йилларда табиат объекти таназзулга юз тута бошлади, мустақиллик йилларида у кўп жиҳатдан ўзининг илмий аҳамиятини йўқотди. Бу 1995 йилда биринчи президент фармони билан ҳудуднинг катта қисми ҳайвонот боғи учун боғдан ажратиб олиниб, 66 гектар қолганидан бошланди. Бу жараёнда кўп сонли дарахтлар кесилди, яқин атрофдаги ўсимликлар шикастланди. Ҳудуддаги бинолар тобора таъмирталаб бўлиб борди. Ходимлар биргаликда тер тўкиб, боғдаги оранжереялар, иссиқхоналар, лабораториялар ва бошқа илмий объектларни бутлади. Масалан, иситишдаги узилишлар туфайли кўплаб турлар совуқдан нобуд бўлди.

Ҳозирги вақтда ўсимликлар миқдори дастлабки коллекцияга нисбатан сезиларли даражада қисқарган. Илгари коллекциянинг асосий қисмини ёғочли турлар ташкил этган бўлса, эндиликда катта қисми — ўтсимон ўсимликлар. Ходимлар коллекцияни назорат қилишга жисмонан улгурмаганликлари сабаб ўсимликлар географияси аралашиб кетган ва тажовузкор турлар қимматли турларни сиқиб чиқара бошлаган. Зич тожлар соясида паст бўйли дарахтлар ва буталар ўсишдан тўхтаб қолган. Кўплаб турларни узум шохлари ва ёввойи узум ўраб олган. Парвариш етишмаслигидан ноёб ўсимликлар коллекцияси ўстириладиган майдон йўқотилган.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Раҳбарият узоқ вақтдан бери намуналар ҳисоби ва инвентаризациясини ўтказмаган, охирги инвентаризацияда эса боғдаги коллекция тўғрисидаги маълумотлар нотўғри эди, чунки айрим ўсимликлар икки марта ҳисобланган ёки уларнинг турлари нотўғри кўрсатилган.

Тошкент ботаника боғини ободонлаштириш қандай бўлиши мумкин ва умуман бунга зарурат борми?

Сервер Османов: Зарур парвариш ва маблағ йўқлигига қарамай, Тошкент ботаника боғини ташландиқ деб бўлмайди. Бу ўсимлик дунёси ўзининг табиий шаклида ўсадиган ёввойи муҳит. Бироқ, амалдорларимизнинг боғдаги дарахт ва буталарни шаҳардаги кўплаб ўсимликлар сингари кесиш ва уларга «чиройли» шакл бериш учун «қўллари қичишади». Бундай кесишдан кейин ўсимлик одатда ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. Яхшиямки, ноёб ва қимматбаҳо намуналар ҳали ҳам боғда сақланиб қолган, бироқ энди бу ерда илм-фан йўқ.

Мамлакат учун ноёб ҳисобланувчи коллекцияга эга ягона илмий муассасани шаҳар ҳокимлигига топшириш катта хато. Бу содир бўлган тақдирда, давлат ўз келажагидан маҳрум бўлади. Боғни ҳар қандай йўқотиш эвазига пул ишлаш ва бу ердан фойда сиқиб чиқариш истагидаги эмас, балки ёниқ қалбли одам бошқариши керак. Амалдорларимизни болалигида ботаника боғига олиб бориб, бир дарахтнинг инсонга ва бутун бошли экотизимга келтирадиган фойдасини тушунтиришганида эди, бугун одамлар уни ҳокимиятдан қайтариб олишларига тўғри келмаган бўларди.

абдусалом норматов, илм-фан, интервью, сервер османов, тошкент ботаника боғи

Абдусалом Норматов: Ботаника боғи, биринчи навбатда, илмий аҳамиятга эга. Бу ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турлари генофондининг лабораторияси ва омбори. У аҳолининг дам олиши ва ўйин-кулги қилиши учун мўлжалланмаган. Шаҳарда аҳолининг қизиқиш ва талабларига жавоб берадиган истироҳат боғлари ва ўйин марказлари талайгина.

Аҳолини жалб қилиш имкониятлари ҳақида гап кетган тақдирда, боғга етарли миқдордаги одамлар ташриф буюради. Айниқса, баҳор, ёз ва куз фаслларида уни «ёввойи» табиат билан алоқа қилиш имконияти учун севадиган ва қадрлайдиган ташриф буюрувчилар жуда кўп бўлади. Ҳар куни боғ ҳудуди бўйлаб экскурсиялар ўтказилади. Боғда сайр қилиш ва ботаника коллекциясини томоша қилишни ҳеч ким тақиқламайди. Бироқ, мен ташриф буюрувчилардан чиқинди ташламасликни ва ўсимликларга зарар етказмасликни илтимос қилган бўлардим!

Тошкент Ботаника боғини ободонлаштиришга сира ҳожат йўқ. Уни қайта тиклаш керак. Унинг аввалги муҳташамлигини қайтариш учун унда ўсаётган дарахт ва буталарга ғамхўрлик қилиш, коллекцияни янги турлар билан тўлдириш, илмий изланишлар учун мутахассисларни жалб қилиш, энг асосийси, ишлаш стратегияси ва раҳбариятнинг табиий объектга бўлган муносабатини қайта кўриб чиқиш зарур. Ботаника боғига унинг биологик хилма-хиллигини ҳимоя қила оладиган ва асраб-авайлайдиган меҳрибон қўллар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур!