Ўзбекистон Экологик партияси экожурналист, Sreda.uz сайти муаллифи Наталя Шулепинанинг Тошкент ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш режаларидан хавотири келтирилган мақоласига муносабат билдирди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш идоралараро порталида «Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш»ги ҳукумат қарори лойиҳаси пайдо бўлди (жамоатчилик учун ёпиқ).

Лойиҳага кўра, 65,4 гектар майдондаги Ботаника боғини янги ташкил этиладиган шаҳар ҳокимлигининг «Дам олиш боғларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси балансига ўтказиш режалаштирилган. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ҳам худди шундай дирекциялар ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Ботаника институти ҳузуридаги академик Ф. Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи ноёб илмий-уникал объект ҳисобланади. Шу сабабли, Ботаника боғини Вазирлар Маҳкамасининг „Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш“ тўғрисидаги қарори лойиҳасидан чиқариш ҳамда Ботаника боғига Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш керак деб ҳисоблаймиз», — дея маълум қилди Экопартия.

Партиянинг қайд этишича, қарор лойиҳасида истироҳат боғлари ҳудудларини савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш, атракционлар ўрнатиш кўзда тутилган. «Ушбу фаолият эса илмий муассаса сифатида ташкил этилган Тошкент Ботаника боғида сақланаётган, дунёнинг 5 қитъасидан келтирилган, ноёб бўлган флора объектларига жиддий салбий таъсир кўрсатади», — дейилади муносабатда.

Мазкур масала бўйича партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси номидан ҳукуматга депутатлик сўрови юборилди.

Муносабатнинг тўлиқ матни