Yandex Go хизмати вакиллари Ўзбекистонда солиқ резиденти бўлиш бўйича ишлар қандай кетаётгани ҳақида гапириб берди. «Газета.uz» мухбири 24−27-октябрь кунлари Тошкентда Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтаётган ICTExpo кўргазмасидаги Yandex стендига борди.

«Биз республика қонунчилиги асосида иш олиб борамиз. Аллақачон Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтдик. 1 декабргача Yandex Go ахборот хизматини мамлакатда маҳаллийлаштиришимизни тасдиқлаймиз. Бу хизматнинг амалдаги солиқларни тўловчи маҳаллий компания томонидан кўрсатилишини англатади. Ҳозирда жараёнларни такомиллаштиряпмиз», — деди Yandex Go компаниясининг МДҲ бўйича раҳбари Кирилл Свинцов.

Кирилл Свинцов. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Кирилл Свинцов. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Бундан ташқари, Кирилл Свинцовнинг сўзларига кўра, компания Солиқ қўмитаси билан йўловчи ташишни фискаллаштириш масаласида ҳам мулоқот олиб бормоқда.

«Биз мамлакатда ушбу соҳада қўмита билан ҳамкорликни бошлаган биринчи платформамиз. Бу бозор учун янги жараён ва бу вазифани белгиланган вақтда биргаликда амалга оширамиз, деб ҳисоблаймиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Нидерландияда рўйхатдан ўтган, Yandex Go хизматларини тақдим этувчи Ridetech International компаниясидан Ўзбекистон солиқ резиденти бўлишини талаб қилганди. Бундан ташқари, компания солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграцияни таъминлаши ва мижозларга автоматик тарзда шакллантириладиган фискал квитанцияни тақдим этиши керак эди. Талаблар бажарилмаса, платформа блокланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Солиқ қўмитасининг ушбу баёноти эълон қилинган куниёқ Yandex Go компания Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлишини ва 1 декабрдан кейин фаолиятини давом эттиришини эълон қилган.

Кўргазма чоғида Yandex Ўзбекистонда 2023 йилда хизматларни ривожлантириш натижалари билан ҳам ўртоқлашди. Компания мамлакатни Yandex Go ва Yandex Eats иловаларида такси буюртма қилиш, етказиб бериш ва озиқ-овқат хизматлари учун асосий бозорлардан бири деб ҳисоблайди.

Хизмат Ўзбекистонда компаниянинг асосий йўналишларидан бирига айланган хавфсизлик технологияларига 350 минг доллардан ортиқ сармоя киритди. Бу вақт ичида амалга оширилган ташаббуслар қаторида буюртмаларни бажаришда тезлик ва автомобилни бошқариш услубини назорат қилишнинг автоматик тизими мавжуд бўлиб, бу бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Шунингдек, Yandex Go Ўзбекистонда биринчи бўлиб ҳайдовчилар ва уларнинг йўловчиларига буюртма пайтида ҳар бир киши учун 100 миллион сўмдан ортиқ суғурта қопламасини тақдим этади. Бу ҳайдовчи ва йўловчи хавфсизлигини таъминлайди.

Хизмат мактаб ўқувчилари учун STEM таълимни қулай қилиш ва Ўзбекистонда IT индустриясини оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим соҳасини ривожлантиришга 100 минг доллар сармоя сарфлади. Тошкент шаҳридаги IT-Park негизида 8−10-синф ўқувчилари учун бепул Дастурлаш мактабининг ишга туширилиши таълимга оид лойиҳалардан бири бўлди. Бир йил давомида мактабнинг ҳар бир ўқувчиси Python дастурлаш тилида 500 га яқин топшириқларни бажара олиш кўникмасига эга бўлди.

yandex go

2023 йилда Ўзбекистондаги Yandex Go компанияси қизлар ўртасидаги технология танловининг ҳудудий босқичи — Technovation Girls`га ҳомийлик қилди. Ушбу мусобақанинг Кремний водийсида (АҚШ) ўтказилган халқаро финал босқичи якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси илк бор совринни қўлга киритди.

2023 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистонда ресторанлардан тайёр таомларга буюртма бериш ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича Yandex Eats хизмати иш бошлади. Бугунги кунда у Тошкент ва Самарқандда мавжуд, унга 800 дан ортиқ маҳаллий ва тармоқ ҳамкорлари бор.

Yandex Go озиқ-овқат етказиб бериш бозорига янги агрегаторлар кириб келиши натижасида озиқ-овқат технологиялари саноати 2,5 баробар ўсганини таъкидлади.