Россиянинг Yandex компанияси 24−27 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган ICT Week Uzbekistan — 2022 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигида иштирок этмоқда. Тадбир давомида компания вакиллари Ўзбекистонда жорий этилиши режалаштирилаётган бир қатор янгиликларни тақдим этди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Дастурлаш мактаби

Yandex Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан янги ўқув йилидан бошлаб икки шаҳар — Тошкент ва Самарқандда Дастурлаш мактабларини ишга тушириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Йиллик бепул дастур танловдан ўтган 8−10-синф ўқувчиларига Python дастурини ўзлаштириш, веб-иловалар, чат-ботлар ва фойдаланувчилар учун интерфейслар яратишни ўрганиш имконини беради. Шу пайтга қадар, Арманистон, Қозоғистон ва Россияда мактаб ўқувчилари учун таълим лойиҳалари ишга туширилди, 2016 йилдан бери 22 000 талаба дастурлаш курсларини муваффақиятли ўзлаштирди.

«Айни вақтда Ўзбекистон IT соҳасида фаол ривожланмоқда ва шунга мос равишда юқори малакали мутахассисларга талаб ҳам ортиб бормоқда. Бизнинг дастурлаш мактабимиз турли мамлакатларда ўз самарадорлигини кўрсатди. Ушбу замонавий профессионал дастурлаш таълим курси таълим тизимига муҳим ҳисса қўшмоқда — у иқтидорли талабаларни жалб қилади, уларда рақамли иқтисодиёт даврида мутахассис учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантиради ва ўқитувчиларнинг малакасини оширади», — деди Yandex таълим лойиҳаларини ривожлантириш бўйича директори Сергей Бражник.

Унинг қўшича қилишича, компания вазирлик кўмагида янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда дастурни ишга туширилишига умид қилмоқда.

«Яндекс Заправки»

Ўзбекистонда «Яндекс Заправки» ёқилғи тўлови хизматини ишга туширишга ҳозирлик кўрилмоқда ва бир қатор ёқилғи қуйиш шохобчалари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ушбу хизмат ҳайдовчиларга ёқилғи учун тўловни илова орқали амалга ошириш имконини беради, бунинг учун кассага бориб, навбатда туришга ҳожат қолмайди. Компания вакилининг таъкидлашича, бу ечим ёқилғи қуйиш шохобчалари учун ўтказувчанликни оширишга ёрдам беради ва янги мижозларни жалб қилиш воситасига айланади. Шунингдек, хизмат автомобилдан чиқмасдан маршрут бўйлаб ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нархларни солиштириш, маслаҳат ва таклифларни қолдириш имконини беради.

«Ўзбекистонда ҳамкорлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Одатдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида тўловдан ташқари, электромобиллар учун инфратузилма масаласи ҳам ҳамкорлик нуқталаримиздан бири ҳисобланади. Ҳозирда мамлакатда электромобиллар саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳалар фаол муҳокама қилинмоқда. Бу истиқболли йўналиш бўйича ҳам ечимимиз бор. Масалан, хизматда электр тўловларининг жойлашувини, уларнинг ҳолатини — бепул ёки бандлигини аниқлаш, шунингдек, уларга маршрут яратиш мумкин бўлади», — деди «Яндекс Заправки» хизмати раҳбари Артем Прудников.

Россияда 8,5 мингдан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари мазкур хизматга уланган. Ойига 1 миллион автоуловчи ушбу хизматдан фойдаланади, улар ойига 4,5 миллионга яқин буюртма беришади ва ойига 5 миллиард рублдан зиёд суммага ёнилғи қуяди.

Yandex Go яна учта шаҳарда иш бошлайди

Ўзбекистон бозорида 2018 йилда ишга туширилган Yandex Go хизмати ҳозирда мамлакатнинг 8 та шаҳрида мавжуд.

«Биз янги шаҳарларда саёҳат қилишнинг арзон ва қулай усулини ишга туширишда давом этамиз. Яқин ойларда Нукус, Қарши ва Урганч шаҳарлари аҳолиси бизнинг иловамиздан фойдаланишлари мумкин бўлади», — деди Yandex Taxi`нинг МДҲда ривожланиш бўйича директори Кирилл Свинсов.

Унинг қўшимча қилишича, хизмат ҳайдовчилар ва фойдаланувчилар учун ўзининг хавфсизлик технологиялари устида ишлашда давом этади. Жорий йилнинг ёз бошида буюртмалар бўйича тезликни автоматик назорат қилиш хизмати ишга туширилди. Ҳайдовчи сервис буюртмасини бажарганида, технология унинг йўлини кузатиш ва ҳаракат тезлигини аниқлаш учун GPS`дан фойдаланади.

«Биз компаниялар билан мамлакатда йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қўшимча бепул ҳаёт ва соғлиқ суғуртаси дастурини ишга тушириш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бундай суғурта автоматик равишда хизматнинг барча саёҳатларига тарқалади. Тез орада Ўзбекистондаги янги ишланмаларимиз ҳақида гапириб берамиз», — деди у.