Куни кеча «Потребитель.Уз» Facebook-гуруҳи аъзоси Елена Акбарова Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги янги кўп қаватли уйлардан бирида лифт тушиб кетганини маълум қилди.

«Лифт одамлар бўлган 9-қаватдан 5-қаватгача қулаб тушди (ўша қаватда хайриятки, тормоз ишлаган). Одамлар ҳали ҳам шок ҳолатида. Текшириш жараёнида лифт қурувчи VEK (vekbuilding.uz) томонидан амалдаги [бошқарув компаниясига] фойдаланишга топширилмагани маълум бўлди», — деб ёзди у.

Унинг сўзларига кўра, айрим лифтлар эҳтиёт қисмлар етишмагани учун ҳали ҳам ишлаётгани йўқ.

«Уйлар қарийб 3 йилдан бери фойдаланилмоқда, ҳужжатлар ва лифтлар ҳали ҳам тартибга келтирилмаган. Бу даҳшатли ва қўрқинчли, айниқса, сўнгги пайтларда лифт билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез учраганини ҳисобга олсак», — деди аёл.

лифтдаги носозлик, лифтнинг тушиб кетиши, лифт, янги уйлар, тошкент, vek

Фото: Тошкент ҳокимлиги

Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати катта мутахассиси Гулноза Қосимова «Газета.uz»га лифт билан боғлиқ ҳодисани тасдиқлади. «Фавқулодда ҳолатга лифтнинг ҳаракатда бўлган вақтида кимдир бошқа қаватда туриб эшикларни очишга урингани сабаб бўлган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, уй белгиланган тартибда фойдаланишга топширилмаган, яъни ҳокимлик томонидан давлат қабулидан ўтмаган. «Шунга қарамай, қурувчи аҳолига кўчиб ўтишга рухсат берган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Вазият прокуратура ва туман ҳокимлиги матбуот хизмати вакиллари томонидан ўрганилди», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

VEK компанияси директори Ойбек Умаровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, давлат қабули 2020 йилда амалга оширилган, акс ҳолда «сув, электр ва газ уланмаган, жорий ҳисоб бўлмаган бўларди».

Унинг сўзларига кўра, дастлаб уй бир неча ой давомида УЖМШ томонидан бошқарилган, аммо кейинчалик аҳоли бошқарув компаниясини ёллаган.

«Биз лифтни синовдан ўтказдик, хулоса олдик, аммо бошқарув компанияси уни ўз балансига қабул қилиши керак эди. У бу ишни қилмади. Қолаверса, лифтларни ўрнатган ва ҳар ойда кўрикдан ўтказувчи лифт корхонаси билан шартномани бекор қилган, хизмат нархи юқорилиги сабабли, яъни ойига 200 минг сўм тўлашни истамаган. Шундан сўнг, бошқарув компанияси „кўчадан“ бошқа лифт компаниясини жалб қилган, у эса лифтлар ишлаши учун чипга „улагич“ ўрнатган», — деди у.

Ойбек Умаров воқеа содир бўлган куни электр тармоғида қисқа туташув содир бўлгани, шу сабабли лифт тушиш вақтида 5-қаватда тўхтаб қолганини таъкидлади. «Лифт тушиб кетмади, у тўққизинчи қаватдан биринчи қаватга тушаётган бўлган ва бешинчи қаватда тўхтаган», деди у.

Компания раҳбари бошқарув компаниясига лифт компанияси билан шартномани тиклаши учун хат юборганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Тошкентнинг Янгихаёт туманидаги 16 қаватли уйда юк лифти тушиб кетиб, 11 киши жабрланганди.

Июль ойида Тошкентда почтачи бўлиб ишлаган 32 ёшли Ольга Леонтьева хатларни манзилларга етказиб, уйига қайтмаганди. Унинг жасади янги бинолардан бирининг лифтидан топилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, лифт носоз бўлган.

Олий Мажлис Сенати Ўзбекистондаги янги биноларда 400 га яқин лифтларда аниқланган камчиликлар бартараф этилмагани ҳақида маълум қилди. Парламентнинг юқори палатаси янги уйларни қабул қилиш бўйича давлат комиссияси таркибига лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилишни ўз ичига олган Саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси киритилмаганини таъкидлади.