Ойбек Нематович Ҳамраев Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ойбек Ҳамраев 1984 йилда Бухоро туманида туғилган. 2006 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (бакалавр) ва 2012 йилда Япония Сиёсий тадқиқотлар институти (магистратура)ни тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2006−2008 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ҳудудий ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш бошқармаси Республика ҳудудларига чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўлими етакчи мутахассиси сифатида бошлаган.

У, шунингдек, Бельгиядаги элчихонада савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида қатор лавозимларда ишлаган.

Ушбу тайинловга қадар Ойбек Ҳамраев 2023 йилнинг февралидан инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаётганди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Олимхон Рустамов Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлганди.

Февраль ойидан иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, 2018 йил сентябридан эса собиқ Молия вазирлиги раҳбари ўринбосари ва Ғазначилик бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган Дилшод Султонов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Шунингдек, иқтисодиёт ва молия вазирининг яна бир ўринбосари Эркин Рустамов ҳам Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган. 2022 йилнинг август ойида иқтисодий тараққиёт вазирининг биринчи ўринбосари ва Марказий банк раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган Саидқаҳҳор Холхўжаев пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳокими лавозимига тайинланган.