23−24 октябрь кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маъмури Саманта Пауэр Ўзбекистонда бўлади, дея хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.

У Минтақавий алоқалар бўйича С5+1 форматидаги (АҚШ + Марказий Осиё мамлакатлари) биринчи вазирлар конференциясини ўтказади ҳамда «АҚШ ҳукуматининг минтақа давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва фаровонлигига содиқлигини тасдиқлайди».

2015 йилдан буён «С5+1» мулоқоти АҚШ ҳукуматининг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун асосий дипломатик платформаси бўлиб келмоқда, дейилади хабарда.

«Тараққиёт масалалари бўйича вазирлар учрашуви минтақавий ўзаро алоқалар, савдо, иқтисодий ўсиш ва тадбиркорлик, иқлимий ва энергетик ечимлар, шунингдек, ёшлар учун имкониятларга урғу қаратган ҳолда Марказий Осиёда инклюзив, барқарор иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш бўйича аниқ чоралар кўриш учун [минтақадаги] барча бешта давлат вазирларини тўплаган ушбу платформани мустаҳкамлайди», — дейилади USAID хабарида.

USAID октябрь ойида Марказий Осиё алоқалари бўйича С5+1 минтақавий вазирлар анжуманини чақириши сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган АҚШ ва минтақа президентларининг биринчи С5+1 саммитида эълон қилинганди.

Саманта Пауэр 2021 йил сентябрь ойида Вашингтонда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлаб, Ўзбекистонга яна ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган эди.

Бунгача USAID раҳбари 22 йил аввал Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Эндрю Нациос 2001 йилнинг ноябрь ойида АҚШнинг Афғонистондаги гуманитар операцияларини муҳокама қилиш учун Марказий Осиёнинг барча беш давлатига сафари доирасида Тошкент ва Термизда бўлган.

Саманта Пауэр 2021 йил май ойида USAID раҳбари этиб тайинланди. Тайинловга қадар у АҚШнинг БМТдаги доимий вакили (2013−2017), президент Барак Обаманинг махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг кўп томонлама ишлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича катта директори (2009−2013) бўлган. У ўз фаолиятини уруш мухбири сифатида бошлаган, бир нечта китоблар муаллифи ва Пулицер мукофоти совриндори. Time журнали уни 100 та энг нуфузли инсонлар рўйхатига, Forbes эса уни сайёрадаги 100 та энг нуфузли аёл қаторига киритган.

2020 йил октябрь ойида Ўзбекистонда мамлакатдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида USAIDнинг тўлақонли ваколатхонаси очилди. Авваллари агентлик офиси USAIDнинг Марказий Осиёдаги миссияси таркибида бўлган