АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги икки томонлама ваколатхонаси ишга туширилди. Бу ҳақда Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мамлакатда тўлақонли миссия ташкил этилиши USAIDга Ўзбекистон ҳукуматининг кенг кўламли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларини янада қўллаб-қувватлаш билан бирга хусусий бизнес, нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини кучайтиришига ҳисса қўшади.

USAID мамлакатда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, қонун устуворлигини такомиллаштириш, миграция ва одам савдоси билан боғлиқ масалалар бўйича фаолиятини давом эттиради. Янги миссия ушбу дастурларни самарали йўналтириб, маҳаллий ҳамкорлар кўламини янада кенгайтириш имконини беради.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ушбу эълонни изоҳлаб шундай деди: «USAID бу ерда икки томонлама миссиясини ташкил этганидан жуда мамнунман. Бу Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва янада яқинроқ алоқаларни йўлга қўйишнинг муҳим босқичидир. Кенг қамровли ўзгаришлар рўй бераётган ушбу дамда USAID ҳам Ўзбекистоннинг узоқ муддатли равнақи ва барқарорлигига жуда муҳим қисса қўшади. USAIDнинг Ўзбекистондаги дастурлари ҳукумат, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти томонидан мунтазам ижобий баҳоланиб келган. Янги миссия фаолият бошлар экан, USAIDнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, ривожланишига ишонч билдираман».

«USAID жамоаси Ўзбекистон халқи ва ҳукумати билан бир қатор йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган. Мамлакатда иқтисодиётни диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кучайтириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини илгари суриш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, XXI аср иқтисодиётида муваффақиятга эришиш учун танқидий фикрлайдиган, муаммоларни ҳал қилиш қобилияти, тил ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлай оладиган таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлигига бўлган жиддий таҳдидлар, хусусан, COVID-19га қарши кураш ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига жавоб бериш салоҳиятини ошириш кабилар шулар жумласидандир», — дейилади хабарда.

Бунга қадар агентликнинг Ўзбекистондаги идораси USAIDнинг Марказий Осиёдаги (Олма Отадаги) миссиясининг бир қисми ҳисобланар эди. Бир вақтнинг ўзида Тожикистонда ҳам USAIDнинг янги миссияси очилди.