Сенатнинг 22 июнь кунги қирқ иккинчи ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳақида гапирди.

Сенаторнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сув соҳасида ҳал қилиниши зарур бўлган қатор муаммолар ҳалигача сақланиб қолмоқда.

«Хусусан, мамлакатимизда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Дунёда ушбу кўрсаткич ўртача 65 фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектарга сув сарфи эса айрим давлатларга нисбатан 2−2,5 баробар кўп. Экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Ирригация тизимларида носозликлар мавжуд. Бундан ташқари, ерости сувларининг ҳажми ва сифати ҳам тобора пасайиб бормоқда. Иқтисодий тармоқлар, ижтимоий объектлар, ҳатто айрим ҳолатларда аграр соҳада ҳам сувдан фойдаланишнинг эскирган усул ва воситалари қўлланмоқда», — деди Борий Алихонов.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда сувни бошқариш, фойдаланиш, юритиш ҳамда сув хўжалиги объектлари тўлиқ рақамлаштирилмаган. Ичимлик сувидан бошқа: транспорт воситаларини ювиш, суғориш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фойдаланиш авж олган.

«Шунингдек, сувдан фойдаланиш маданияти ҳам етарли даражада эмас. Сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари сустлиги сабабли жон бошига сув сарфи миқдори юқорилигича қолмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳрида айрим пайтларда сув сарфи аҳоли жон бошига суткасига 400 литргачани ташкил этади. Бу кўрсаткич Берлин бўйича 124 литр, Москвада 249 литр, Хитой шаҳарларида эса аҳоли жон бошига ўртача сув истеъмоли 204 литрни ташкил қилади, холос», — деди қўмита раиси.

Сенаторнинг қўшимча қилишича, ерости ва ерусти сувларининг тўлақонли кадастри мавжуд эмас. Фақат сув омборларининг кадастри бор.

«Шаҳарлар ва айрим йирик саноат корхоналарининг тозалагич иншоотлари сувни сифатли тозалаш технологияларига эга эмас. Бозорлар, кўчалар, хизмат кўрсатиш масканлари ва бошқа аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган сув тармоқлари нуқталарида элементар қоидаларга амал қилинмаган. Масъулларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли сувнинг беҳуда исроф бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда», — деди у.

Борий Алихонов юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, ҳукумат ва масъул вазирликлар биргаликда комплекс тадбирларни амалга ошириши зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Қонунчилик палатаси олдидаги ҳисоботида вазирлик сувни сарфлаш маданияти, уни ўлчаш ва етказиб бериш бўйича кескин таклифлар тайёрлаётганини маълум қилганди. Таклифлар 2024 йилнинг бюджет лойиҳасида кўрсатилади.