Канада Ҳиндистондан 41 нафар дипломатини ватанига қайтарди, деб хабар бермоқда CNN. Аввалроқ Ҳиндистон расмийлари улар октябрдан кейин ҳам мамлакатда қолса, дипломатик дахлсизликлари бекор қилиниши билан таҳдид қилган эди.

Ходимларнинг қисқариши туфайли Канада учта консуллик: Мумбай, Бангалор ва Чандигарҳдаги дипломатик хизматларни тўхтатди.

Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жолининг айтишича, Канада ҳукумати жавоб чораларини кўрмайди, чунки бу халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади.

Канадалик дипломатлар эвакуация қилинганидан сўнг, Жолининг сўзларига кўра, мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчихонасида 21 нафар ходим қолган.

CBC телеканали вазиятдан хабардор манбага таяниб, Ҳиндистон ҳар икки давлатда бўлган дипломатлар сонини тенглаштириш учун Канада дипломатик миссияси ходимларини чиқариб юборишни талаб қилганини билдирди. Ҳиндистон расмийларининг айтишича, уларнинг Канадада атиги 21 нафар аккредитациядан ўтган дипломати бор.

Ҳиндистон ва Канада ўртасидаги муносабатлар Канада бош вазири Жастин Трюдонинг ҳинд разведка хизматлари Канада фуқароси, сикхлар жамияти етакчиларидан бири Сингх Нижжарнинг ўлдирилишига алоқадорлиги ҳақидаги баёнотидан кейин ёмонлашди. У Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси Суррей шаҳридаги сикхлар ибодатхонасига кираверишда июнь ойида отиб ўлдирилганди.

Нижар мустақил Халистон давлатини яратиш тарафдори бўлган ва Ҳиндистонда террорчи деб ҳисобланган. Ҳиндистон айбловларни рад этиб, уларни «бемаъни» ва «асоссиз» деб атади.

Сентябрь ойида Канада ҳиндистонлик юқори мартабали дипломатни Ҳиндистоннинг мамлакатдаги разведкаси раҳбари деган гумонда ўз ҳудудидан чиқариб юборди. Ҳиндистон бунга жавобан Канада дипломатини чиқариб юборди.

Можаролар фонида Ҳиндистоннинг Оттавадаги элчихонаси «техник сабабларга кўра» Канада фуқароларига виза беришни тўхтатди. Ҳиндистон фуқароларига ҳам Канадага саёҳат қилмаслик тавсия этилган.