Андижон вилояти ҳокими қарорига асосан Асака тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Бегзод Умматов вазифасидан озод этилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоят ҳокими ўринбосари Насибилло Мўминов Асака тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Насибилло Мўминов 1983 йил Андижон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Андижон қурилиш техникумининг махсус фан ўқитувчиси вазифасидан бошлаган.

2017−2018 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Андижон вилояти бўлими бошлиғи, 2018−2019 йилларда Андижон вилояти ҳокимлиги касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи вазифаларида ишлаган. Шунингдек, вилоят ҳокимининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси бўлган.

Тайинловга қадар у вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритган.