Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида 19-мактаб ўқувчилари шоли ўримига мактаб директори топшириғи билан жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Сенат ҳузуридаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Тармоқларда тарқалган видеода ўқувчилар мактаб директори шоли ўримига юборганини, ҳозир дарс пайти эканини айтишган.

Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси ўқувчилар тумандаги «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалигининг шоли даласида «дарс машғулотларидан сўнг, фермер хўжалик раҳбари К.Х.нинг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига» далада ўрилган шолини тўплашганини билдирган.

Коммисия ўрганиши давомида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, мактаб маъмурияти ва фермер хўжалиги раҳбари билан суҳбат ўтказилган. Суҳбат давомида мактаб маъмуриятининг ушбу ўқувчиларни шоли ўримига мажбурий жалб қилиниши ҳолати ўз тасдиғини топмаган.

Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан Қўшкўпир тумани «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалиги раҳбари томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилиги ва болалар меҳнатидан уларнинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки аҳлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлиги ҳолати Қўшкўпир туман судида кўриб чиқилган.

Суд қарори билан фермерга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми ва 49−1-моддасида (Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган.

Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 10 баробари (3 млн 300 минг) миқдорида жарима жазоси тайинланган.