Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 19-мактаб директори ўқувчиларни мажбуран ўзининг шоли майдонидаги ўримга жалб қилгани акс этган видео тарқалди.

Унда ўқувчилар мактаб директори шоли ўримига юборганини, ҳозир дарс пайти эканини айтишган. Видеони суратга олган шахс уларни дарсга қайтишларини айтган. Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат туман прокуратураси ва Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ўрганилган.

Аниқланишича, мазкур мактабнинг 9-А синф ўқувчилари А.Қ., Б.Ш., А.О. ва Б.О. тумандаги «Дурдона» маҳалласида жойлашган «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалигига тегишли бўлган шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг фермер хўжалик раҳбари К.Х.нинг «таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига» далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришган.

«Ўрганишда, мактаб директори томонидан вояга етмаган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмади», — дейилади хабарда.

Ҳолат бўйича юқоридаги мактаб директори, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи, бўлими психологи ва ўқувчиларнинг синф раҳбаридан тушунтириш хатлари олинган. Вояга етмаган ўқувчилар билан тегишли мутахассислар иштирокида суҳбатлашилган.

Шунингдек, уларни ёшини инобатга олмасдан фермер хўжалигида меҳнат қилишга йўл қўйиб берган хўжалик раҳбарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда, дейилади хабарда.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳолат назоратга олинганини билдирди.

«Миллий комиссия аъзолари томонидан мактаб ўқувчиларнинг шоли ўрими ишларига жалб қилиниши ҳолати зудлик билан ўрганилмоқда ҳамда масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши масаласи назоратга олинган», — дейилади хабарда.

Kun.uz'нинг ёзишича, Қўшкўпир туманидаги 19-мактабга Худойберганов Анвар Қуронбоевич раҳбарлик қилади. Болалар меҳнатга жалб этилган «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалигига эса корхона ва ташкилотлар реестрига кўра, Худайберганов Рустам Қуранбаевич раҳбарлик қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49−1-моддасига кўра, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш — БҲМнинг 20 баравари (6,6 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.