Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида ўтказилган кўргазмада Ўзбекистон ҳудудлари бир қанча хорижий компаниялар билан туристик объектлар қуриш борасида қатор келишувларга эришди. Бу ҳақда форумда қатнашаётган «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Хоразм

Хоразм вилояти ҳокимлиги Осиё тараққиёт банки билан Хива шаҳрини кесиб ўтган 308 кмлик Полвон канали бўйида туризм инфратузилмасини яхшилаш учун 150 млн долларлик маблағ ажратиш бўйича келишувга эришди. Банк вакиллари 20 октябрь куни ҳудудни бориб ўрганади, ҳозирда лойиҳанинг бош режаси ишлаб чиқилмоқда.

«Хива шаҳрида Khiva city деб номланган туризм марказини қуриш бўйича Корея компанияси билан меморандум ҳам имзоладик. Унинг қиймати 100 млн долларни ташқил қилади. Лойиҳа қурилишига 2024 йилда старт берилади, 2026 йилгача битказилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун вокзалнинг орқа томонидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдон таклиф этилмоқда», — деди Хоразм вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азамат Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, Хива шаҳаридаги Ичан қалъада ресторанлар ва Боғот туманида Калажиққалъада экотуризм марказини қуриш бўйича Туркия, Озайрбайжон ва Швейцария компниялари қизиқиш билдирган.

«Юқоридаги барча лойиҳалар 2024 йилдан бошланиши режалаштирилмоқда. Биласиз, Хива шаҳри UNESCO ҳудуди, ташкилот рўйхатида турувчи манзиллар мавжуд, шундай ҳудудларда лойиҳалар бўлса, улар билан келишилади, албатта», — деди Азамат Хўжаев.

unwto, туризм

Самарқанд

Самарқанд вилояти Россиянинг Depr investment компаняси билан Нуробод тумани Оқсой маҳалласида дор йўлини қуриш бўйича 18 млн 200 минг евролик келишув имзолади. Унинг узунлиги биринчи босқичда 1,5 кмни ташқил қилади. Ҳозирда дастлабки қурилиш ишлари маҳаллий инвестор томонидан бошланган. Кейинги босқични 2024 йилда Россия компанияси давом эттиради ва йил якунига қадар битказиши белгиланмоқда.

«Мисрнинг Arab international broker компанияси билан Ургут туманида 2 кмга яқин осма дор йўли ва туризм комплексини ташқил қилиш бўйича 100 млн долларлик келишувга эришдик. Қурилиш ишлари 2024−2026 йилларга мўлжалланмоқда. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида франшиза асосида 400 ўринли меҳмонхона қурилмоқда. Унга Wyndham меҳмонхоналар тармоғини жалб қилдик», — деди Самарқанд вилояти туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Фаррух Ўралов.

Унинг қўшимча қилишича, Хитой компанияси билан Ширин массивига 2,7 млрд долларлик инвестиция жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Массивда 10 та меҳмонхона, 3 та акванариум ва бошқа инфратузилма объектлари жой олади.

Наманган

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида Эрон компанияси 15 млн доллар маблағ эвазига эко ва агро туризм комплекси ҳамда балиқчилик хўжалик лойиҳаларини амалга оширади.

«Туркиянинг компанияси Наманган шаҳридаги Namangan city ҳудудида қиймати 10 млн долларлик, 2,5 гектар майдонда сунъий кўл (аквапарк) қуради. Уни ишга топшириш 2026 йилга мўлжалланмоқда», — деди Наманган вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Расулов.

Унинг сўзларига кўра, Янгиқўрғон туманида Қирғизистон компанияси 20 млн долларлик туризм комплексини қуради. У этноспорт турлари — улоқ, кўпкари, камондан ўқ отиш, отда улоқ чопиш каби машғулот майдонларини ўз ичига олади. Лойиҳанинг якуний муддати 2025 йил II чоракка тўғри келади.

unwto, туризм

Қашқадарё

Қашқадарё вилояти тадбир доирасида жами 380 млн долларлик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Хусусан, Қозон шаҳрининг «Казанские канатные дороги» компанияси Шаҳрисабздаги Ғелон этно қишлоғида канат йўлини қуришга қизиқиш билдирди.

«Биринчи босқичда 200 млн долларлик инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди. Форум якунидан сўнг улар қишлоққа бориб, ҳудудни ўрганади, шундан сўнг дор йўли узунлиги аниқ бўлади. Хитойлик инвесторлар ҳам Китоб туманидаги Қайнар қишлоғи устидан 3 кмлик дор йўлини қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг қиймати 50 млн доллар ва уни 2024−2025 йилларда қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган», — деди Қашқадарё вилояти туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Жавоҳир Тожиев.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди ва Марказий Осиё давлатларининг туристик-инвестицион стендлари намойиш этилган кўргазмадан фоторепортаж тайёрлаганди.